Ойбек ва Мадина


Одатда бахтни ҳали мавжуд бўлмаган натижаларга боғлаймиз. Ва бор нарсамизни қадрлаш ўрнига нима етишмаётгани ҳақида ўйлаймиз. Бироқ инсонни бахтли қиладиган нарса мақсадга эришиш эмас, балки, унга борадиган йўлдир. Муҳими, умр, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш. Ана шу йўл — ҲАЁТ, эришиш манзили эса ОИЛАдир. Ҳар ким ўз хоҳиши, ғоялари ва истеъдодларидан келиб чиқиб тўғри йўналишни танлаши, қониқиши, завқ топиши мумкин. Ана шундагина оила бахтни туяди, ҳис қилади.

Оила — ҳурмат, ҳамжиҳатлик, меҳр-муҳаббат манбаи. Муқад­дас ва улуғ даргоҳ. Инсон шу даргоҳда туғилади, ўсади, вояга етади. Бир жамоада, бир соҳада ишлаган жуфтликлар янада омадли. “Hamkorbank”да бахтини топган, бирга фаолият олиб бораётган оилалар талайгина. Ойбек ҳамда Мадинахон Юлдашевлар ҳам шу даргоҳда бахт қўрғонини қуришган. Бири Оҳангарондан, бири эса пойтахтдан. 2017 йилда тўйлари бўлган.
2014 йилда Авиасозлик универсал банк хизматлари офисига келган Ойбек:
— Туғилган кунимдан бир кун олдин, яъни 7 июлда фронт офисда иш ўрганувчи сифатида фаолиятимни бошлаганман. Кейинчалик Қўйлик мини банки сотиш бўйи­ча кичик менежер лавозимига ўтдим. Бу орада Тошкентдаги Сингапур менежментини ривожлантириш институтининг (2014-2016 йй.) магистратура йўналишини тамомладим. 2016 йилда Тошкент молия институтини тамомлаб келиб, чакана бизнес бўлимида стажировка ўтаётган Мадинани учратдим. Ўша вақтда жамоамизда ёш ходимлар кўп эди. Ишдан ташқари вақтларда кўпроқ вақтимизни бирга ўтказардик. Шундай кунларнинг бирида яқиндан танишдик, сўзлашдик, бир-биримизни синадик. Тўғрироғи, бир йилча бир-биримизни “ўргандик” ва орамизда илиқ туйғулар уйғонди. Ота-оналаримиз розилиги билан тўйимиз бўлди. Онам келинини тўй куни кўрганлар. Совчиликка борганларида қайнонам билан суҳбатлашиб, “Онасини кўриб қизини ол”, деган ақидага риоя қилганлар. “Сен қизини, мен онасини ёқтирдик. Бу, албатта, яхшиликка” деб хулоса қилганлар.
Фахрлиси, оиламиздаги 3 фарзанднинг ҳаммаси “Hamkorbank” ходими. Аёлимнинг ҳам шу соҳадалиги яхши, албатта. Чунки ишимизни, шароитларни тушунамиз. Бироқ оилада масъулият барибир аёлимга тушади. Бу кўпроқ ой охирида “ҳисобот” даврида роса билинади… Ўша кезларда яқинларимизнинг ёрдамига суянамиз. Онам ўқитувчи бўлганлари учунми, жуда синчков, зийрак. Оиламизда соғлом муҳит яратилишида ҳам ҳиссаси катта, деб ўйлайман. Оила бошлиғининг ўрнини идрок этишга, турмушнинг оғир дамларида иродали бўлишга ундайдиган ҳам онам. Қайнонамни ҳам онам каби қадрлайман. Ҳаётнинг чиғириқларидан ўтишда ҳамиша ёнимизда турадилар. Пандемия даврида бошқалар каби бизда хам кўп қийинчиликлар бўлган. Асосийси Мадина ва мен яқинларимиз кўмаги билан қийинчиликларни енгдик…
Тўнғич фарзанд Азимжоннинг дунёга келиши икки ёшнинг ҳаётига мазмун берди. 2021 йил иккинчи ўғли Амирхон туғилди. Ширин ва такрорланмас онлар, фарзандлар парвариши ҳар бир она учун бахт. Бироқ унинг оиладаги масъулияти икки ҳисса ортди. Ёшлар бу бахтдан ўтган кунларини унутишди. Бола парвариши таътилидан сўнг Мадина “Hamkorbank”нинг янги очил­ган офиси Олмазорга қайтди. Ишхонасининг уйига яқинлиги болалар учун анчагина қулайлик яратди. Фаолиятидаги ташаб­бус­корлиги, тезкорлиги ва билимини ҳисобга олган раҳбарият уни чакана бизнес бўлимига ўтказди. Айни пайтда корпоратив хизматлар бўлими транзакцион менежер лавозимида ишламоқда.
— Ҳатто оилавий йиғилиб қолсак ҳам мавзу банк бўлади. Фикрлашамиз, маслаҳатла­шамиз, камимизни тўлдирамиз. Бу яхши, албатта. Баъзида ой охирида “обём” кўпаяди. Шу пайтларда бироз кеч қолсам, хавотирим ошади. Турмуш ўртоғим ишимни билганлари учун жиддий келишмовчилик бўлмаган-у, барибир, ўзим хижолат бўламан. Аммо ҳозир ундай эмас. Ойижоним шароит яратиб берганлар. Оиламизнинг мустаҳкам бўлишида у кишининг ҳиссалари катта.
— Банкда кун ўтказиш учун ишланмайди, — дейди Ойбек. — Ҳар куни янгилик, банк структураси ўзгаряпти. Изланиш, ўрганиш, замон билан ҳамнафас яшаш талаб этилади. Ишдаги қийинчиликлар истаймизми йўқми кайфиятимизга таъсир қилади. Шунақа пайтда бироз асаббузилишлар бўлиши табиий. Бироқ аёлим жуда зийрак. Бу ҳолатда у кўпроқ оғирлик қилади.
Баҳор–куз мавсумида болаларимиз оғриб қолишади, ҳаловатимиз йўқолади. Шу боис бошқа ишга ўтказишни ўйлаганман, ҳатто таклиф ҳам берганман. Бироқ, Мадина жамоасини яхши кўриши ва уларга ўрганиб қолганлиги сабабли, бу мавзуни жиддий муҳокама қилмаганмиз.
— Турмуш ўртоғимнинг феъл-атвори жуда яхши. Доим кимгадир ёрдам бергиси келади. Инсонни қадрлайди, ишонади ва ҳамма вақт қўллаб-қувватлайди, — дейди Мадина. — Бурч ва вазифаларини биладиган тартибли, интизомли, садоқатли умр йўлдош. У кишини шундай тарбиялаб, вояга етказган қайнота–қайнонамдан миннатдорман. Отам эрта оламдан ўтганлари учун синг­лим иккимиз онамга суяниб қолганмиз. Сабр, ишонч, софдиллик — ҳар томонлама онамга ўхшагим келарди. Қарангки, қайнонамда ундан-да юксак фазилатлар бор эканки, назаримда камини тўлдиряпман.
Ойбек ва Мадинага ҳавас қиладиганлар кўп. Бахтли оила дегани шуда.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА