ОЛИСДАГИ ВАТАНДОШЛАР
Ҳуқуқларимиз қонун ҳимоясида
Оиламиз билан бир неча йилдан буён Америкада яшаймиз. Қалбимизда Ўзбекистон фуқароси Ватан ортида ҳам ўзбеклигини, қачон истаса она юртига қайта олишини ҳис қилиб яшаш туйғуси мужассам. Хорижий давлатларда Ўзбекистон элчихоналарининг борлиги ва уларнинг асосий мақсади ўз фуқароларини ҳимоя қилишдан иборатлиги янада қувонарли.
Америка қўшма штатларининг жуда кўп жойларида ватандошларимиз истиқомат қилади ва улар кенгашларга жамланишган. Ҳуқуқий кўмак, Ўзбекистондаги муҳим жараёнлардан хабардорлик, юрт байроғини хорижда ҳам баланд кўтариш ҳисси доим юрагимизда. Ўзбекистон фуқароси эканлигимиздан ва давлатимизнинг дунё миқёсида тутган ўрни билан доим фахрланамиз.
Шу ўринда, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.
Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади” дея кўрсатилган.
Мен бирорта Ўзбекистон фуқаросини мажбурлаб четга чиқарилганини кўрмадим ва эшитмадим. Баъзида хорижийдавлатларга келиб узоқ йиллар ҳужжатсиз яшаб, Ўзбекистон паспортининг сақланиш муддатини ўтказиб юборганларга ҳам юридик маслаҳатлар бериб, вақтинчалик она-Ватанга кириш учун рухсатномаларни расмийлаштириб берилиши уларнинг ҳимояланишига мисол бўлади. Ҳар куни элчихоналарга шу каби ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар учрайди.
Сайлаш-сайланиш ҳуқуқидан хорижда яшаётган ўзбеклар ҳеч қачон маҳрум қилинмаган. Бўлажак референдумга ҳам бефарқ эмасмиз.Олисда бўлсакда, Ўзбекистоннинг келажагига масъулият билан қараймиз.
Саломатхон ОТАХОНОВА.