«Олтин авлод»нинг тарихий ғалабаси

04:55 / 2022-08-11

Мамлакатимизнинг ҳаво дарвозаси бўлган Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти не-не қувончли онларга гувоҳ бўлмаган дейсиз.

Аммо, тарихларга татигулик улуғ ғалабага эришган шахматчиларни кутиб олиш, улар иштирокидаги дастлабки қувонч лаҳзалари, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида кечган ҳаяжонли онлар таассуроти айнан шу ердан бошланаётганлигида ҳам бир ҳикмат бордек.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон шахматчиларининг Ҳиндистонда 188 та давлат жамоалари иштирокида ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликка эришгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлади. Бу муваффақият халқимизнинг интеллектуал салоҳияти не чоғли баландлигини дунёга яна бир карра намойиш этди.

Пойтахт аэропорти. Соат миллари 02.30 ни кўрсатмоқда. Вақт алламаҳал бўлишига қарамасдан бу ерда ҳаёт қайнайди. Кимдир олис юртларга саёҳатга, ўқишга, ишга ошиқаётган бўлса, кимлардир жаннатмонанд юртимизга ошуфта бўлиб Ўзбекистонга келмоқда.

Биз эса Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жонажон Ватанимизнинг шону шуҳратини оламга тараннум этган спортчиларимизни кутиб олишга чоғланмоқдамиз.

Шу муносабат билан бу ерга жам бўлган жамоатчилик вакиллари, шахматчилармизнинг ота-оналари, яқинлари, шоир ва ёзувчилар, санъатимиз дарғалари, журналистлар барча-барчанинг кўнглида олам-олам завқу ҳаяжон.

Шахмат олимпиадасида зафар қучган шахматчиларимизни олис Деҳлидан олиб келаётган самолётнинг муаззам пойтахт аэропортига қўнишига 15 дақиқача вақт бор. Гулдасталар кўтарган юртдошларимизнинг қувончи чексиз.

Айниқса, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон номини улуғлаган – Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир ва Шамсиддин Воҳидовларнинг яқинлари, шунингдек, олимпиадада юртимиз хотин-қизларининг шахматдаги иқтидорини кўрсатган Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Мафтуна Бобомуродова, Афрўза Ҳамдамова ҳамда Маржона Маликованинг ота-оналари, устозлари беҳад хурсанд.

Соат миллари 02:55 ни кўрсатди. Ғолиб спортчиларимизни Деҳлидан олиб келган HY 426 рейсли авиалайнер Тошкентга қўнгани эълон қилинди. Диллар ажиб завқдан ҳаприқади. Дунё вундеркиндлари иштирокидаги шиддатли “ақл баҳслари”да юртни шарафлаган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда аэропорт хоолига кириб келишади. Карнай-сурнай, мусиқа садолари остида Ченнай олимпиадаси қаҳрамонларига гуллар тақдим этилди.

Соғинчдан сел бўлган ота-оналар ва яқинлар шодлиги, ғолибликдан масрур шахматчиларимиз, уларнинг яқинлари дийдорлашади…

Тошкент халқаро аэропортининг кенг майдонида ташкиллаштирилган маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғолиб шахматчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, кутиб олиш маросимида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби Нодирбек Абдусатторов ушбу ғалабанинг тарихий аҳамияти, мамлакатимизда ёшлар камолоти йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси не чоғли ҳаётбахш бўлаётганлигини эътироф этишди.

Шундан сўнг, Ватан шаънини улуғлаган шахматчиларимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси енгил автомобилларнинг калитлари, пул мукофотларининг сертификатлари тантанали равишда топширилди.

– Юртимизга олтин медаль билан қайтганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Кеча давлатимиз раҳбарининг бизга қўнғироқ қилганлиги, алоҳида табрик йўллаганлиги барчамизга катта ғурур бағишлади. Ўзбекистон шахмати тарихида биринчи марта олтин медални қўлга киритдик, – дейди Жаҳонгир Воҳидов. – Бизни қўллаб-қувватлаган барчага, Президентимизга чин кўнгилдан раҳмат айтамиз. Мана шундай қўллов, эътибор ва ғамхўрлик туфайли ғалабага эришдик.

– Ҳар бир тур жуда мураккаб кечди. Босим кучли бўлди. Бундай натижани кўрсатишимизни ўзимиз ҳам кутмагандик. Бизни дуо қилиб, қўллаб-қувватлаб турган барча юртдошларимизга раҳмат. Ўйлайманки, ғолиблик йўлимиз энди бошланди, – дейди Нодирбек Ёқуббоев.

– 44-шахмат олимпиадасини катта ҳаяжон билан кузатдим, – дейди Нодирбек Абдусатторовнинг отаси Фазлиддин Очилов. – Ҳар бир ота ўз жигарбанди Ватани учун курашишини, ғолиб чиқишини истайди. Шукр. Фарзандларимиз ишончимизни оқлади.

Шахмат олимпиадасида жасорат кўрсатган ёш спортчилар, мураббийлар, мутахассисларнинг 13 кун мобайнида 188 та мамлакатнинг энг сара, энг кучли “ақл гимнастикаси” соҳиблари билан шиддатли баҳсларда матонат кўрсатганлиги таҳсинга лойиқ.

Давлатимиз раҳбари табригида айтилганидек, ўзбек шахмат мактабининг шон-шуҳратини юксак босқичга олиб чиққан азму шижоатли, ватанпарвар ёшлар энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”дир.

Шиддатли баҳсларда 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов, 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев, 16 ёшли Жавоҳир Синдоров, 20 ёшли Шамсиддин Воҳидов ҳамда жамоамиз фахри бўлган 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидовдан иборат жамоа биронта ўйинда мағлубиятга учрамади.

Умумжамоа натижаларига кўра, 188 та мамлакат орасида ҳамюртларимиз олтин медалга эга чиққан бўлса, кумуш ва бронза медаллари Арманистон ҳамда Ҳиндистон жамоаларига насиб этди.

Қизлар ўртасидаги олимпиада баҳсларида Украина жамоаси олтин медаль билан тақдирланди. Кейинги поғоналардан Грузия ва Ҳиндистон жамоалари жой олди. 162 та давлат жамоалари ўртасида кечган баҳсларда ўзбекистонлик қизлар жамоаси 31-ўринни эгаллади.

Яна бир эътиборли ҳолат. Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жамоавий баҳслардан ташқари индивидуал натижалар бўйича ҳам ғолиблар аниқландики, бунда истеъдодли шахматчиларимиз муносиб кўрсаткичларни қайд этди.

Жумладан, Жаҳонгир Воҳидов 4-тахтада ўйнаган шахматчилар ичида олтин, Нодирбек Абдусатторов 1-тахтадаги шахматчилар орасида кумуш, Нодирбек Ёқуббоев эса 2-тахтадаги шахматчилар ўртасида бронза медалига сазовор бўлди.

Ўзбекистон ёшларининг интеллектуал салоҳиятини бутун дунёга кўрсатган ғолиб шахматчиларимизнинг ёрқин ютуғи энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллик айёмига муносиб совға бўлганлигини эътироф этиш жоиз. Йиллар ўтса-да 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тафти, унинг шукуҳи юксалса юксаладики пасаймайди. Зеро, Ченнайдаги “салб юриш” янги-янги ғалабаларни бошлаб келса, не ажаб.

Музаффар шахматчиларимизни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов иштирок этди.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири
манба: https://uza.uz/uz/react/posts/oltin-avlodning-tarixiy-galabasi