ОМАД ЭШИГИНИ ЎЗИ ОЧДИ
Биз одатда “Hamkorbank” ходимларини ҳисоб-китоб билан шуғулланиши, аҳолига банк хизматларини кўрсатишдек вазифаларни бажаришини биламиз. Бироқ уларнинг ҳам ўз олами, қарашлари, эркинликлари бор. Табиатни севишади, саёҳатларни ёқтиришади, оилада меҳрибон ота ёки она, фарзандларига ўрнак бўлишади. Ишдан ташқари юрак амрига, қалб туғёнларига бўйсунишади. Банкнинг Нукус минтақавий банк хизматлари офиси чакана бизнес бўлими бош менежери Сарвар Сейтов билан ишдан ташқари суҳбатимиз кишининг омади борасида бўлди.
Болалик даври, талабалик ва иш фаолиятини омад билан боғлаган суҳбатдошимизнинг бу борадаги қарашлари билан ўртоқлашдик.
— Сарвар, ўзингизни қанчалик омадли деб биласиз?
— Марк Твеннинг “Омад ҳар бир одамнинг эшигини қоқиб келади, аммо кўп ҳолларда одам яқин атрофдаги “майхона”да ўтирган бўлади ва унинг тақиллатганини эшитмай қолади” деган иборасини эшитганмисиз? Мана шу ибора мен учун жуда тўғри ва ҳаётбахш фикр. Чунки омад кўпинча кутилмаган пайтда келади ва инсон уни таниш, фарқлаш ва ундан фойдаланишга тайёр бўлиши керак. Омадни ўз вақтида сезиш лозим. Бу имкониятдан вақтида фойдаланмаса, тўғри йўлни ушлай олмаса йўлини йўқотади, деб биламан.
Болалигим отамсиз қийин ўтган. 10 ёшда эдим оламдан ўтганда. Онам акам ва мени ҳеч кимдан кам қилмай ўстиришга ҳаракат қилди, ҳалол ризқ едирди. Демак, сабрли волидамнинг борлиги биринчи омадим. 4 йил ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширдим, 2 марта контракт-шартнома асосида қабул қилинганман. Аммо ўқиш имкони бўлмаган. Бешинчи йил Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг молия йўналишига грант асосида ўқишга кирдим. Баъзида ишимиз юришмаса, орзуларимиз амалга ошмаса, омадсизликка йўямиз, бироқ танловда адашганимизни тан олмаймиз. Менинг омадим иккинчи танловимда экан.
2013 йилдан буён “Hamkorbank” Нукус МБХОда ишлайман. Изланувчан, ҳаракатчан жамоа, яхши шароит, янги имкониятлар — булар фаолиятимдаги омад. Мисол келтирайми? 2021-2024 йилларда “Йилнинг энг яхши истеъмол кредити мутахассиси” номинацияси ғолиби сифатида Бош банк томанидан 8 та эътирофга сазовор бўлдим…
Онам, яқинларим, 3 фарзандим — ҳаётим мазмуни. Бўш вақтларимни улар билан ўтказиш мароқли. Ҳовлимдаги мўъжазгина томорқамда мевали дарахтларимни, узумларимни парваришлаб ҳордиқ чиқараман. Хотиржамлик, тинчлик, осудалик бор руҳимда. Бу ҳам омад. Баъзан ҳаёт борасида қарорлар қабул қилишга иккиланган пайтларимда онам ўгитларига қулоқ тутаман. “Омад ҳар доим меҳнат ва тайёргарлик билан уйғун бўлгандагина ҳақиқий самара беради”, деган сўзларига таянаман. Бир сўз билан айтганда, омад эшигини ҳаракатларим билан ўзим очдим.
“Ҳаётга ишончим, ҳаракатларим омад келтирди”, дея таъкидлаган суҳбатдошим “Омад меҳнат, интизом ва тайёргарликни севганларга ошиқар экан”, — деди ишонч билан. Демак, Сарвар ҳаёт эшигини омадга очиб берди. Унинг овозини эшитиш учун ўқиди, изланди, ўз устида кўп ишлади.
Нилуфар ТЎРАҚУЛОВА