ОТАМНИНГ ОРЗУСИ УШАЛДИ

Болалик онгу шууримга фарзандларининг келажакда ўқимишли инсонлар бўлиб улғайишини орзулаб тинмай меҳнат қилган оддий ишчи отам ва уй бекаси бўлсада, ҳали ёши қириққа етмай совуқ тушишидан безиллаган онам оёқларининг шишиб кетиши, зах исини сезганда азоб беришни бошлайдиган бел оғиқлари муҳрланиб қолган. Улар биз каби эмин-эркин улғайишмагани, вақтида таълим олишолмаганини кўп сўзлаб беришарди.
Орзулари амалга ошмаган отам мени Намангандаги “Аниқ ва табиий фанлар” интернат-лицейига олиб борган, ўқишим учун барча шароитларни яратиб берган. “Сизлар Мустақиллик фарзандларисиз, ўқиш учун барча имкониятлар етарли. Билим олинглар, яхши одам бўлинглар” дея такрор-такрор айтарди.
2004 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаб, “Hamkorbank” АТБнинг Юксалиш филиалига иш ўрганувчи бўлиб келдим. Очиғи банк фаолияти ёқиб қолди. Шу жойда ишлашни мақсад қилдим ва ўзимни меҳнатда кўрсатдим. Шукурки, энг намунали ходимлардан бирига айландим. Учқўрғон банк хизматлари офиси бошлиғи даражасига етдим.
Бугун ота—онамнинг яхши яшашлари учун хизматидаман. Ишим ўзимга ёқади, касбимни севаман, меҳрибон жамоам бор. Ёшлар учун катта имкониятлар яратилган. Мана шуларнинг барчаси Мустақиллик шарофати деб биламан. Отам эса орзулари биз фарзандларида рўёбга чиқаётганидан хурсанд.
Саидумар АЗИЗОВ,
Учқўрғон БХО бошлиғи.