“ОҚ СУВ” МУНОСИБ БАҲОЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда эълон қилинган фармойишига кўра, бир қанча юртдошларимиз “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Уларнинг орасида Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги “Оқ сув” фермер хўжалиги раҳбари Равшанбек Аҳмедов ҳам бор.
Машҳур “Аkbel” бренди остидаги сут-қатиқ маҳсулотлари билан танилган ушбу фермер хўжалиги узоқ йиллардан буён тадбиркорликда катта ютуқларга эришиб келмоқда. Сут ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ёрдамида аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш билан бирга, кўплаб иш ўринлари яратиб, меҳнат бозори ривожига ўз ҳиссасини қўшаётгани эътирофга лойиқ. Айниқса, пишиқчилик мавсумида аҳолидан турли мева-сабзавот маҳсулотларини нақд пулга сотиб олиб, кўплаб оилаларнинг моддий фарвонлигини таъминлаши ҳам мақтовга сазовор.
«Оқ сув» ҳақида эшитганлар корхона фаолияти ва маҳсулотлари ҳақида ижобий фикр билдиради. Таниқли тадбиркор Алижон Аҳмедовдан сўнг унинг ишини муносиб издош сифатида давом эттираётган Равшанбек билими, бизнесдаги иқтидори, инсонийлик фазилатлари билан халқ орасида ҳурмат қозониб келмоқда. Хўжалик узоқ йиллардан буён “Hamkorbank” АТБ Қўрғонтепа УБХОнинг мижози. Ҳамкорлик алоқалари ҳамиша ишончли ва мустаҳкам. Равшанбек Аҳмедовни мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлган давлат мукофоти билан чин дилдан муборакбод этамиз. Бизнесдаги муваффақиятлари давомли бўлсин!
Н. Тўхтаматова

