“ПАНДА” ВА “ЖИН”ГА АЙЛАНГАН ХОДИМЛАР
Қува туманида жойлашган Аҳмад Ал Фарғоний дам олиш уйида “Hamkorbank”нинг водий филиаллари ва Бош банк ходимларидан иборат 40 нафар иштирокчи ўртасида “Team building” машғулоти бўлиб ўтди. Тадбирга ходимлар билан ишлаш департаменти директорининг ўринбосари Акром Парпиев ва Банк Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раисининг ўринбосари Элёр Абдуқодировлар бошчилик қилди.
Гўзал табиат қучоғида ўтказилган мазкур тадбирдан мақсад — раҳбар ва ходим ўртасидаги алоқаларни яхшилаш, жамоавий муносабатларни шакллантириш, ходимларнинг банкка садоқати ва хайрихоҳлигини ошириш эди. Машғулотни пойтахтдан ташриф буюрган малакали тренинг мураббийлар олиб борди.
Машғулот мазмуни шарқ эртакларига асослангани учун унга “Алоуддин” деб ном берилди.
Иштирокчилар уч гуруҳга бўлиниб, турли ақлий ва жисмоний машқларни қамраб олган бир неча шартлар бўйича ўзаро мусобақа олиб боришди. Гуруҳларига “По”, “Орзу” ва “11 та жин Аrsivda” деб ном берган учта жамоа биринчи шартни ўзини таништириш билан бошлади. Бу шартда барча қоидаларга риоя қилган “11 та жин” жамоаси ғолиб деб топилди. Кейинги шарт қоғозга солинган шарикларни икки киши ерга туширмай маълум масофага кўтариб югуриш эди. Бунда ҳам учинчи жамоа бошқалардан яхшироқ ҳаракат қилди.
Учинчи шарт иштирокчиларнинг ақлий салоҳияти ва тезкор фикрлашини шакллантиришга қаратилди. Унда тренинг-мураббий томонидан айтилган биронта сўзни иштирокчилар ўзларига ёпиштириб олган ҳарфлар ёрдамида тезкорлик билан ҳосил қилиши керак эди. Бу шартда “По” жамоаси ўз чаққонлиги ва зийраклигини кўрсатди.
Энг мураккаб шартлардан ҳисобланган эртак қаҳрамони акс этган рангли расмни майда бўлакларга бўлиб қирқиб, кейин уни қайта тиклаб чиқиш мусобақасида ҳам “11 та жин” аъзолари ғалаба қозонди. Шу каби қизиқарли ўйинларга бой бўлган “Team building” машғулоти дўстона ва қувноқ руҳда ўтди. Натижада иштирокчилар бир оз бўлсада меҳнат ҳафтасидан орттирган руҳий ва жисмоний чарчоқларини ёзди. Табиат қучоғида бир-бирига бўлган дўстона ҳурмат янада ортди. Ходимларнинг ўйинлар оламига беғуборлик билан киришиб кетиши, болаларча шўхлик ва қизиқиш билан ёндошишлари бундай тренингларнинг аҳамияти муҳимлигини ўзида ифодалади.
(Ўз мухбиримиз).

