“Пойтахт” хизматингизда

Республикамизда тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришнинг ривожланиши молия муассаларига бўлган талабни оширмоқда. Бугун ҳар бир мижоз ўзи учун қулай, хизмати ишонч­ли ва тезкор банкни танлаяпти. Ҳамкорлик борасида икки тараф зиммасидаги масъулият ортиб боряпти.
Шу йилнинг январь ойида “Hamkorbank” АТБнинг «Пойтахт» банк хизматлари офисини ташкил этишда айни шу сифатлар эътиборга олинганди. Банклар орасида унинг ўз ўрнини топиши учун бор имконият ишга солинди. Кадрлар танлашда ҳам талаб қаттиқ қўйилди.

— Очиғи, илгари бу муассаса мустақил бўлмагани учун ривожланиб кетмади, — дейди БХО раҳбари Шароф Азимов. — Пойтахтда банклар кўп. Бу мижозда танлаш имконияти катта эканини кўрсатади. Биз ишни рақобатчиларни ўрганишдан бошладик. Мижозларнинг олдига ўзимиз кириб бордик. Мавжуд имкониятлар ва уларга бўлган эътибор билан таништирдик. Тадбиркор учун вақт энг қадрли. Шу сабаб тезкорликни талаб қилади. Айни шу масалада бошқа банкларга қараганда устунлигимизни кўрсата олдик.


Ҳаракатлар жуда тез самарасини кўрсатди. Дилшодбек Абдувакилов раҳбарлигидаги “Rainbow тriko тekstil” масъулияти чекланган жамияти янги БХОнинг биринчи мижози бўлди. У билан ишлашда шаффофлик ва мижоз манфаатини ҳамма нарсадан биринчи қўйиш асосий шарт сифатида белгиланди. Натижада банкка бўлган ишонч ҳам мижозлар сони ҳам ортди.
Ўтган саккиз ой давомида эришилган натижалар узоқ йиллик тажриба давомида қўлга киритилган ютуқлар каби рақамларда акс этмоқда. «Пойтахт» мақоми ва хизматлар кўлами жиҳатидан филиал даражасида, десак муболаға бўлмайди. Юридик ва жисмоний шахс­ларга барча турдаги банк хизматлари йўлга қўйилган. 50 та юридик ва 400 дан ортиқ жисмоний шахслар доимий ҳамкорга айланди. 3500 млн. сўм миқдорида депозит маблағлари қабул қилинди, 1000 дан ортиқ пластик карталар очилди. Кунига 200 нафар мижозга турли банк хизматлари кўрсатиляпти.
Банк фаолиятининг асосини кредит ташкил этади. Бу борада ҳам мазкур БХОдаги натижалар кўнгилдагидек. Шу кунгача юридик мижозларга 11 миллиард 600 миллион сўм, 275 нафар жисмоний шахсга 9 миллиард 620 миллион сўм кредитлар тақдим этилди. Бу шунча мижоз билан ҳамкорлик йўлга қўйилганини кўрсатади.


Албатта, юқорида таъкидланганидек, республикамиз пойтахтининг марказида жойлашган кичик молия муассасаси фаолиятининг илк давриданоқ бошқа банклар билан рақобатга кириша олди. 500 метрлик ҳудудда жойлашган 4 та банк билан ўзаро рақобатдош бўлиш ва мижозлар эътиборини қозониш ўз ўзидан бўлмайди. Асосийси, мижоз мижозни бошлаб келмоқда.

Акбаржон Назаров.
Бекзод Муталлибов олган суратлар.