ПОЙТАХТ ЧЕТИДАГИ ДУРДОНА

“Hamkorbank” АТБнинг Шайхонтоҳур филиали бир қарашда менда “мини банкка ўхшар эканми”, деган фикр уйғотди. Негаки, филиал биносининг ташқи фасади шохобча қиёфасини эслатади. Бинонинг нафақат ташқи кўриниши, балки, ички тузилиши ҳам катта тармоқ фаолияти учун кичикроқдек туюлди. Хоналар тор, бўлимлар мижозларга қулай тартибда жойлашмаган. Аммо ходимлари самимий, бағри кенг, тилидан бол томади.

“Катта шаҳарда ўзига ишонган ишлайди”
Рустам Йўлдошев, чакана бизнес бўлими бошлиғи:

— Хуш келибсиз, филиалимизга. Ваниҳоят, бизнинг жамоа ҳам “Hamkor press”да чиқар экан. Бизни қачон ёзишар экан, дея кутиб юрувдик. Қайси жиҳатимиз ҳақида билишни хоҳлайсиз? Мана, 36 кишилик аҳил жамоамиз. Бир неча ой олдин Ирода Ибрагимова бошқарувчи бўлиб келди. Шу кунларда хизмат сафарида бўлгани учун масъулият менинг зиммамда.
2015 йилдан бери шу филиалда ишлаб келаман. Фаолиятимни кассадан бошлаб, бўлим бошлиғи даражасига етдим. “Hamkorbank”даги тизим айни мен хоҳлагандек: меҳнатига яраша, албатта, мукофоти бор.
Пойтахтда ишлаш бошқа ҳудудларда ишлашдан кўра кўпроқ масъулият ва салоҳият талаб қилади. Чунки вилоятда бир хил тоифадаги мижозлар мурожаат қилса, Тошкент шаҳрида турли даражадаги шахс­ларга хизмат кўрсатасиз. Агар уларнинг бирорта саволига аниқ жавоб беролмай қолсангиз, сизни мутахассис сифатида тан олмаслиги мумкин. Ходимнинг ўзига ишончи бўлмаса, муҳит уни ютворади.
Филиалимизнинг асосий фойдасини бизнинг бўлим беради. Жисмоний шахсларнинг оқими катта. Ҳафта бошида навбатда турган мижозларни кўриб, ақлингиз шошади. Яқинимизда талабалар шаҳарчасининг жойлашганлиги ҳам жисмоний шахслар томонидан қилинадиган мурожаатлар сонини оширмоқда. Насиб қилса, 2021 йилни 100 фоизлик довонни забт этган ҳолда якунлаймиз.

“Ишим ўзимга жуда ёқади”
Комила Йўлдошева,
корпоратив хизматлар кўрсатиш бўлими транзакцион менежери:
— Жамоанинг илк ходимлариданман ва мижозларни энг кўп танийдигани ҳам ўзим бўлсам керак. Бу банкда келажагимни кўра олганим учун шу ердаман. Хизмат вазифам ўзимга жуда ёқади. Юридик мижозларга ҳисобрақам, плас­тик карталар очиш, ҳисобидаги маблағларини юритиш билан шуғулланаман. Дўстона, аҳил жамоада ишлашнинг гашти ўзгача. Ишим икки нафар фарзандим ва оиламга эътибор беришимга тўсқинлик қилмайди. Жамоамизда бир-бирини қўллаш, зарур пайтда ёрдам қўлини чўзиш тамойили кучли.
Бўлимимизда бизга бириктирилган иш ўрганувчи ходимларга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз, уларга келажакда иш ўринларини топиши учун керак бўладиган барча билимларни берамиз. Менимча, Шайхонтоҳур филиалидан жуда яхши иш ўрганувчилар чиққан бўлса керак. Кириб келаётган 2022 йил билан барчани табриклаб қоламан!

“Кўрсаткичларни яхшилаш ўз қўлимизда”
Сардор Бердиев, филиал бош ҳисобчиси:
— 2012 йилда Яккасарой филиалида иш бошлаб, уч йилдан сўнг «Шайхонтоҳур» ходимига айландим. Жамоамиз ёш, ҳаракатчан ходимлардан иборат, босим йўқ, яйраб ишлаш мумкин бўлган муҳит ҳукмрон.
Юридик мижозларимизнинг камлиги натижаларимизга таъсир кўрсатаётгани рост. Лекин бу муаммони ҳал қилиш имкони бор. Кўп нарса бошқарувчининг тажрибаси ва изланишига боғлиқ. Рақамларимизни ўстириш учун мавжуд мижозларга сифатли хизмат кўрсатишимиз, маркетинг таърифларни ўзгартиришимиз, хизматларни шаҳар талабларига мослаштиришимиз зарур.
Ходимлар ўз устида ишлаб, ишга креатив ёндошса, натижаларимиз яхшиланиб бораверади. Жамоамизда мана шу ёндошувда ишлайдиган Комила Йўлдошева, Обиджон Ҳайдаров, Зилола Ҳалиқулова каби ёшлар бор. Ўзим ҳам доимо изланишдаман. Соҳам билан боғлиқ қандай янгилик чиқса, танишиб бораман.
Филиалнинг натижаларига кўз ташлар эканмиз, рақамларда 120-150 фоизлик кўрсаткичларни кузатдик. Масалан, ВАШ-конверсия амалиётлари даромади ноябрь ойинининг охирги ўн кунлиги ҳолатига 147 фоиз, халқаро пул ўтказмалари даромади 142 фоизга, курс фарқидан олинган даромад эса 150 фоизга етган.
Юридик мижозлар ташрифи учун ноқулай ҳудуд бўлишига қарамай, ходимларнинг саъй-ҳаракати, жойларга бориб маркетинглар ташкил қилиши натижасида катта корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Ходимларга яратилган шароитлар кўнгилдагидек. Тушлик менюсига ҳатто “норин”, “бешбармоқ” каби тансиқ таомлар ҳам киритил­ган. Бир неча аёл ходимлар билан бирга тушлик қилиш жараёнида жамоа­ аъзоларининг бир-бирига бўлган чуқур ҳурмати ва кучли меҳрини ҳис қилдим. “Hamkorbank”нинг ғояларини кенг татбиқ этаётган бу филиални қимматбаҳо гавҳарга ўхшатдим.

Нигора ТЎХТАМАТОВА.