ПОЁНИ ЙЎҚ УММОН

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида севимли санъаткоримиз Муножат Йўлчиева “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди.
Истиқлол шарофати билан ўзбек мумтоз мусиқаси ва мақом санъатининг ноёб дурдоналарини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этиб, қадимий санъатимиз ва маънавиятимизни кўз-кўз қилаётган хонанданинг соҳир овози нафақат ўзбек халқи, балки, дунё санъат ихлосмандларини ҳам мафтун этмоқда. Миллий мақом ашулалари билан нуфузли концерт залларини кўп бора забт этгани ҳам рост. Андижоннинг сўлим Ширмонбулоқ қишлоғида таваллуд топган ва айни пайтда Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институтида талабаларга сабоқ бериб келаётган профессор Муножат Йўлчиева ижроси ғоят мукаммаллиги, самимияти, миллий санъатимизнинг бой мактаб ва анъаналарига таянилгани, энг муҳими, жонли ижрога асослангани билан қадрлидир. Беғубор туйғулар ошнолигида овози бутун оламга етишини, дунё халқлари қалбидан жой олишини худдики олдиндан билгандай пойтахтда ижод қилган хонанда ўша кезларда ўзбек халқи тарихида алоҳида мактаб яратишини, алоҳида ўрин тутишини билганмикин?
Таққослаш, фикрлаш оиладан бошланади. Муножат Йўлчиева сиймоси наздимда онамнинг санъаткорга, ижро этган ашулаларига берган баҳосидан шаклланган. Миллий мақомларимизни маромига етказиб куйлайдиган хонанданинг ташқи кўриниши-узун сочлари (доим қирқ кокил қилиб ўрил­ган ҳолда кўз ўнгимда), содда ва самимий нигоҳи… Кийиниш маданияти, рафторию рухсори, ўзини тутиши, муомала маданияти шарқона бўлиши лозимлигини ёшлигидан сақлаб келмоқда. Бу каби фазилатларни машҳур мақомчи устозлардан мерос қилиб олгани шубҳасиз. Унинг ақл ёғилиб турган нигоҳларида ўзбек аёлларига хос гўзаллик, шарқона одоб-ахлоқ, вафодор ёр ва меҳрибон она тимсоли мужассам.
Шу кунга қадар яккахон хонанда бўлиб фаолият кўрсатиб келаётган Муножат Йўлчиеванинг муваффақиятлари ҳали ҳеч бир хонанданинг тажрибасида кузатилмаган. Жуда катта тайёргарлик, куч, маҳорат ва истеъдод талаб этиладиган мақом туркум ашулалари “Сараҳбори Дугоҳ”, “Сараҳбори Наво”, “Мўғулчаи Мустазоди Наво”, “Талқини ушшоқ”, “Сафти Чоргоҳ”, ”Гиря”, халқ ашулалари “Эй дилбари жононим”, “Ишқинг ўтиға”, “Ушшоқ” ва устозлари Ўзбекистон халқ артис­ти созанда ва бастакор Муҳаммаджон Мирзаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, созанда ва бастакор Шавкат Мирзаевлар томонидан яратилган ашулалар “Меҳнат аҳли”, “Ниҳон этди”, “Айладинг”, “Лаъли Яман”, “Бул ажаб”, “Ким кейин — ким илгари”, “Раъно киби”, “Етишди”, “Шому саҳарларда”, “Керак йўқдур”, “Қаёндур” каби дурдона асарлар Муножатхон опа томонидан маромига етказиб куйланаётгани билан фахрли. Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Ориф Алимахсумов, Берта Давидова, Очилхон Отахонов, Отажон Худойшукуров, Фахриддин Умаровлар анъаналарига содиқ ҳолда жонли ижроси билан тинг­ловчилар қалбини забт этди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти унвонларига сазовор бўлди. Унинг кўксини “Эл-юрт ҳурмати”, ”Фидокорона хизматлари учун”, “Буюк хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” каби бир қанча орденлар безаб турибди. Эътирофлар қаторига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонининг қўшилиши фахр-ифтихор туйғусини беради.
Истеъдодлар худди бепоён уммонга ўхшайди. Мақом санъатида эса тарихимиз, маданиятимиз, минг йиллик орзу-умидларимиз мужассам. У ҳамиша қалбларимизда яшайди, камалак каби жилоланади, эврилади, авлоддан авлодга ўтади. Маданиятимиз, маънавиятимизнинг бундай дурдона асарларини Муножатхон опа каби санъат фидойилари келажакка етказади. Халқимизнинг қалби, гўзал кечинмалари, нафис дил изҳорлари, меҳру муҳаббати, билими ва тафаккури абадий муҳрланган сўзлар сеҳри ила юракларга жойлашади. Демак, Муножат Йўлчиева уммон, халқлар ўртасидаги поёни йўқ уммон. Одамларнинг энг олий салтанати — юрагига сел каби оқиб кирувчи уммон. Ўзбекнинг ушбу хазинасида унинг ҳиссаси, ўз ўрни бор.Маълумот ўрнида: 1991 йилда Американинг “Осиё жамияти” Муножат Йўлчиева ҳамда созанда Турғун Алиматов ижро этган ашулалар ва куйлар аудио кассетасини, Франциянинг “Окора” фирмаси хонанданинг ашулалари ёзилган компакт диск чиқарди, 1997 йилда Германияда “Нетворк” фирмаси томонидан иккинчи компакт диски чиқарилди. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида нафақат ўзбекистонлик, балки, Франция ва Белгия давлатлари ижодкорлари томонидан ҳужжатли ва видеофильмлар яратилган.
Бир неча йиллар “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳайъати аъзоси, ЮНЕСКО ташкилоти сўровномаси билан Инсониятнинг моддий ва номоддий меросини сақлаш ва эълон қилиш ҳайъати аъзолигига қабул қилиниши унинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга эканлигини кўрсатди. Ўзбекистон расмий вакили сифатида жаҳон маданий сиёсатига ўз таъсирини ўтказиб, шу орқали ўзбек моддий ва номоддий ёдгорликларини дунёнинг маданий ёдгорликлари дурдоналарига киритилишини таъминлайдиган таркибда фаолият олиб борди. 1984 йилдан бошлаб ўзбек мақом санъатини ўзининг ижро дастурлари билан Франция, Германия, Италия, Англия, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Корея, Покистон, Бразилия, Марокко, Тунис, Иордания ва Европа мамлакатларига ёйди. Овози Шимолдан Шарққа, Жанубдан Ғарбга етди.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.