ПУЛИНГИЗ КЎПАЙИШИНИ ИСТАСАНГИЗ…

Дейлик, сиз банкка маълум миқдордаги пулни топширасиз, банк эса сизга маблағлар сақланган муддатлар учун фоизлар тўлайди. Бошқача айтганда, топган пулларингиз сиз учун ишлашни бошлайди.
Ҳа, бугунги давр ҳаммамизни иқтисодчига, тадбиркорга айлантирмоқда. Излаган имкон топмоқда. Бу борада банк омонатлари нафақат пулни тежаш, балки жамғармаларни кўпайтиришнинг ишонч­ли усулидир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Hamkorbank” АТБнинг мижозлари орасида омонат­чилар кўпчиликни ташкил этади. Бу юртдошларимизни эҳтиёжидан ортиқ маблағга эга бўлаётгани ва молия муассасаларига ишончининг ифодаси ҳамдир.
Тўғрида, бу бир қарашда тадбиркорлик. Пул маблағини уйда сақлашдан нима фойда? Яна хавфсизлигини ўйлаб ташвишда туришингиз бор гап. Айни шу мақсадда Янгийўл универсал банк хизматлари офиси жамоаси фуқаролар орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Банкка омонатга қўйилган маблағ сир сақланиши, зарурат туғилса, ўша вақтнинг ўзида қайтарилиши, омонат­даги маблағи кўпа­йиб бориши жамоатчиликка етказилмоқда.
— Авваллари банкка пул топширишни истамасдим. Сабаби, ишончим йўқ эди, — дейди фуқаро Сергей Горюков. — Бундан 15 йил олдин банк ходимларининг суҳбатида бўлгач фикрим ўзгарди. Ортиқча пулларимни омонатга қўйдим. Йил давомида фойдасини олиб турдим. Кейинроқ валютада ҳам топширдим. Ўйлаб қарасам омонат дегани даромад экан. Асосийси, пул жамғаришнинг ишончли йўли. Бошқаларга ҳам шуни таклиф қиламан.
Қашқадарёлик Аъзамжон Бобоев кўп йиллик омонатчилардан. Қарши универсал банк хизматлари офисига пул топшираётганини кўриб унга юзландик. Пулингизни кўпайтиришни бошқа йўли йўқми, деган саволимизга кескин жавоб берди:
— Бу борада банкдан ишончли ҳамкорни билмайман. Топганларимни дарров омонатга топшираман. Кейин­ги ойдан даромад кела бошлайди. Зарурат туғилса муаммосиз олишим мумкин. Ҳаммаси қонуний бўлгандан кейин ташвиш қилмайман.
Бугунги кунда банк муассасалари омонатлар юзасидан мижозларга ранг-баранг таклифларни тақдим этмоқда. Таклифларни ўрганиш ва ўзингизга маъқулини танлаш имкони юқори. Асосийси, пулингиз кўпайиб боради.

А. НАСИРДИНОВ