ПУЛНИНГ “СИРЛАРИ” БОР

Иш фаолия­тимни “Халқ банки”да бошлаганман ва кассир сифатида тажрибамни ўша жойда оширганман. 2007 йилдан “Hamkorbank” АТБ Тошкент минтақавий банк хизматлари офисига келдим. Илк иш куним яна кассадан бошланди.

Жамоада муҳит бутунлай бошқача экан. Илиқ кутиб олишди, катта-ю кичиги иш ўргатди. Шундан буён кассадаман. Орада мини банк ва валюта айирбошлаш шохобчаларида ҳам фаолият юритдим. Кейин яна раҳбарият мени касса амалиётлари бўлимига ўтказди. Бу менга билдирил­ган катта ишонч эди. Вазифамни сидқидилдан бажарганим учун ҳам бу масъулиятли ишни менга ишониб топширишди.
Четдан қараганда, пул оддий қоғоз, бироқ унинг ўз “сирлари”, куч-қудрати бор. Шу билан бирга, пул — ишонч ва масъулият. Кассада ўтириб одамларнинг пулини санаш, маблағларини ҳисоб-китоб қилиш осон туюлади, аслида уни бошқариш анча мураккаб. Шундай бўлсада, ишим ўзимга ёқади. Кунига юзлаб одамлар билан юзлашаман, суҳбатлашаман, уларга кўмак бераман.
Банк тавсияси билан Тошкент иқтисодиёт университетининг бухгалтерия ва аудит йўналишида таҳсил олдим. Олий ва тўлиқсиз маълумот ўртасида катта фарқ бор экан. Буни ўз фаолиятим давомида фарқлай олдим. Шунингдек, “Hamkorbank” ҳар доим изланувчан, тиришқоқ ёшларни қўллаб-қувватлайди. Мен ҳам ана шундай ёшлардан эканлигим қувончли. Ўтган 2024 йил якунлари бўйича “Йилнинг энг яхши касса мудири” номинация­си ғолиби сифатида эътироф этилдим. Кайфиятим кўтарилди. Вазифамга бўлган иштиёқим янада ортди.
Ҳар йили номинация ғолиби бўлганларга ҳавас қилиб “менга қачон насиб этаркин?”, деб қўярдим. «Ниятнинг қаноти бор», дейишарди. Мана, насиб қилди ва мен бунга ишондим. Инсон орзу қилса, интилса, албатта, етаркан.
Ҳозир мақсадларим, орзуларим ўзгарган. Одамларга, юртимга кўпроқ фойдам тегишини истайман. Касса хизмати билан чекланмасдан корпоратив, чакана хизматлар бўлимида ишламоқчиман.

Нилуфар АҲМЕДОВА