РАҚАМЛАР МЕНИНГ ҲАЁТИМ
Бухоро филиали чакана бизнес бўлими етакчи менежери, ёш мутахассис Фаррух Ғуломов билан суҳбатимиз филиал ходимларининг тавсиясига асосан бўлиб ўтди.
— Фаррух, жамоадошларингиз сизни намунали ходим дея эътироф этди. Бунга асосий сабаб нимада деб ўйлайсиз?
— Менимча, тажрибам ва билимим туфайли бўлса керак. Бор эътиборимни қилаётган ишимга қаратаман. Доим изланаман.
— Бухороликлар илмсевар бўлади. Асосан лицей, гимназияларда ўқишади, репетиторларга мурожаат қилади. Сиз қаерда таҳсил олгансиз?
— Бухоро туманидаги оддий мактабда таълим олганман. Лекин 2-синфданоқ инглиз тилидан репетиторга қатнадим. Математика фанини эса онам уйда ўзи ўргатди. Чунки онам мактабда математикадан дарс беради. Дадам эса информатика муаллими. Болалигимдан рақамлар билан улғайганим учун ҳам шу соҳани танладим. Рақамлар менинг ҳаётим. Тошкент молия институтининг иқтисод факультетини тамомлаганман.
— Пластик карта бўйича хизмат кўрсатар экансиз. Ишингизнинг қизиқарли томонлари нимада?
— Пластик карта билан ишлаш информацион технологияларга боғлиқ бўлгани учун анча қизиқарли. Электрон тўловлар, ҳамкор мобайль иловалари билан ишлаймиз. Ҳамма хизматлар онлайн амалга оширилади ва бу жараён одамни зериктирмайди.
— Филиал пластик карталаридан фойдаланаётган қанча мижоз бор?
— Ҳозирда “Uzkard”дан 10 мингга яқин, “Humo”дан 8 мингга яқин, “Visa” карталаримиздан эса 6 мингдан ортиқ мижозлар фойдаланмоқда. Хизматларимиз тезкор бўлгани учун мижозлар кўпроқ бизга мурожаат қилади.
— Вақтингизни қандай тақсимлайсиз ва кўпроқ нималарга сарфлайсиз?
— Эрталабдан режа тузиб, қайси ишни қачон бажаришимни белгилаб оламан. Иш жараёнида кўп вақтим пластик карталарни эмиссия қилиш, янги карталарни расмийлаштириш билан ўтади. Ишдан бўш вақтларда кўпроқ китоб ўқиб, дастурлашни ўрганиш билан шуғулланаман.
— Бошқа давлатларнинг банк тизими билан ҳам танишиб борасизми? Сизга қайси мамлакатнинг банк хизмати ёқади?
— Ҳа, ўзимнинг йўналишимга алоқадор хизматларни ўрганиб бораман. Масалан, онлайн тўловларни, қандай турдаги карталар мавжудлигини. Америка ва Германия банклари жуда ривожланган. У ерда хизмат кўрсатиш сифати юқори ва тез. Барча банк хизматлари онлайн бажарилади. Насиб қилса, биз ҳам вақти келиб, уларнинг даражасига етамиз.
— Ўз соҳангизда қандай чўққини кўзлаяпсиз?
— Бош банкда бирон бўлимни бошқаришни ният қиляпман. Пластик карталар бўлимига ишга чақиришди. Аммо оилавий шароитим туфайли боролмадим. Оилада ёлғиз ўғилман, ота-онамнинг ёнида бўлишим керак. Вақти келса, албатта, ўйлаб кўраман.

