РАҚАМЛАР ТАҲЛИЛИДА МУВАФФАҚИЯТЛАР

“Hamkorbank”АТБнинг Чинобод филиали 1996 йилда “Андижонбанк” ОАТБ Амалиёт бошқармасининг Чинобод мини банки сифатида хизмат кўрсата бошлаган. 2000 йилда мини банк филиалга айлантирилади ва фаолиятининг илк даврларидаёқ Балиқчи тумани аҳолисининг ишончини қозонади.
Ўша даврда 56 нафар юридик мижознинг банкимиз аъзосига айланиши катта муваффақият эди. Ҳозирда уларнинг сони 2 минг 105 нафарга етди. “DIYOR FREE”, “Кимё-файз”, “MAXSUDXON-MURTAZOXON BIZNES” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Диоген Люкс”, “Бал Муслим қурувчи” хусусий корхоналари ва бошқа юздан ортиқ корпоратив мижозларимиз ажратилган кредитлар эвазига ривожланмоқда.
Яратилган шароитлар, намунали хизмат, изланувчан ва билимли ёшларнинг ташаббускорлиги туфайли улар ҳамиша биздан мамнун. Масалан, “Намкор люкс” МЧЖ Чинобод филиали билан ўзаро фойдали ҳамкорликка киришган 2010 йилдан буён 10 маротаба, яъни 2 миллиард 50 миллион сўм кредит маблағи олди. Шу маблағлар туфайли қўлга киритган ютуқлар эвазига банк олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга муваффақ бўлаяпти. Банк кредитлари харажатлар учун эмас, балки корхонанинг янги ва замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлаш, фаолиятини кенгайтириш каби истиқболли мақсадлар учун сарфланяпти.
2020 йилнинг 3-чорак якунида 788 та актив мижозимиз бор эди. Жорий йилда бу кўрсаткич 953 тани ташкил этди. Фойда ҳам шунга яраша. Шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида 312 та юридик мижозга 39 миллиард 590 миллион сўм миқдорида корпоратив, 2 минг 64 нафар жисмоний шахсга эса 34 миллиард 956 миллион сўмлик истеъмол, 21 нафар жисмоний шахсга 3 миллиард 504 миллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Рақамлар таҳлилида кўринган муваффақиятлар ҳамкасбларимга куч-ғайрат ва шижоат беряпти.
Мўъжазгина кутубхонада мутолага вақт топаётган ҳамкасбларим “Hamkor press” газетасини ўзларига яқин дўст деб биладилар. 2022 йил учун обуна ташкил қилишда ҳам пешқадаммиз. Зеро, газета дунё воқеалари, янгилик­лар ва филиаллар фаолияти билан танишиб бориш имконини беради.
Маҳсудали БАРАТОВ,
Чинобод филиали Корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи.