РЕКЛАМАДА ГАП КЎП

Бундан беш – олти йил олдин Марказий банкда ишлайдиган бир ўртоғимиз билан тижорат банкларининг рекламалари хусусида гаплашиб қолдик.

— Реклама учун қулай жой ва дизайн танлашда “Hamkorbank”ка етадигани йўқ, – дея гап бошлади у суҳбатга астойдил киришиб. — Қамчиқ довонидан ўтиб, Тошкент томон тушишда банкнинг рекламаси ўрнатил­ган жойни эсланг. Тоғ йўлининг кескин бурилиш жойи. Ҳар қандай автоулов тормозланади, бу ерда. Тасаввур қилинг, қаттиқ уйқуга кетган йўловчи ҳам уйғониб кетади, шу ерга етганда. Кўзини очибоқ, нигоҳи “Hamkorbank” деган ёзувга қадалади. Қайтишда сал бошқачароқ. Пастдан зўриқиб чиқаётган автомашина айнан шу ерга келганда, ҳаракатдан деярли тўхтаб, ҳайдовчи, тезликни ўзгартиради. Шу жараёнда транспорт воситасидаги озгина силкиниш ҳам ҳушёр йўловчини уйғотиб юборади. Рўпарада яна ўша картина: “Hamkorbank”. Тан бермасликнинг иложи йўқ!

Айтишларича, “Hamkor­bank” фаолиятининг илк кунларидан бошлаб рекламага жиддий эътибор қаратган. Банкка келган мижозга бир пиёла чой ёки бир чашка кофе тутиш ҳам тарғиботнинг бир кўриниши эди.

Дастлаб ёзув машинкасида “Азиз фуқаро, вилоятимизда “Андижонбанк” номи билан янги банк очилди. Мақсадимиз Сизга ишончли ҳамкор бўлиш. Хизматларимиз Сизга манзур бўлади, деган умиддамиз!” мавзусида кўп нусхада хат битилиб, аниқ манзилни кўрсатган ҳолда почта ходимлари ёрдамида аҳолига тарқатилган. Шу мазмундаги мурожаатлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган самолёт (”Кукурузный”)лар ёрдамида тепадан туриб, аҳоли пунктларига сочилгани ҳам бор гап.

Наинки Андижонга, балки, Фарғона водийсига дастлабки билбордларни ҳам “Hamkorbank” олиб келган. Реклама бўлими бошлиғи Рустамжон Жўраевнинг айтишича, 2000 йилларнинг бошида банк тасарруфида бор–йўғи 10 та реклама конс­трукциялари бўлган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 550 тага яқинлашиб қолди. Бундан икки йил олдин Андижон – Тошкент йўналиши (Оҳангарондан бориб Тошкент томонга бурилиш)да битта, Тошкент – Самарқанд йўналиши (Гулистон ҳудуди)да битта бир қарашда космик кораблни эслатувчи улкан реклама конструкциялари ўрнатилди.

Реклама, тарғибот воситаларининг сони, ҳажми бўйича “Hamkorbank” бугун мамлакатимиздаги йирик реклама агентликлари билан ҳам ижобий рақобатга киришиш имкониятига эга, десак тўғри бўлади. Пойтахтимиз Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги энг баланд бинолар тепасида банк рекламалари савлат тўкиб турганлиги ҳам бунинг ёрқин исботидир. Қамчиқ довонига кўтарилишда, ўнг томондаги тоғ тепасига ҳар бир ҳарфининг баланд­лиги уч метрдан иборат “Hamkorbank” ёзуви ўрнатилдики, умумий узунлиги салкам 75 метрни ташкил этадиган бундай катта рекламани Тошкентга бориб келгунча бошқа учратмайсиз.

 Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом­нинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш ўринли деб ўйлайман:

“Hamkorbank” ўз номига яраша жаҳоний фаолият­ кўрсатмоқда. Қамчиқ давонининг энг баланд тоғ бағрида “Hamkorbank” ёзувини ҳар ўтганимда кўриб, қувонаман. Унинг турли халқаро банклардан баланд мавқеини чуқур ҳис этаман.

Дарҳақиқат, халқ ишончини қозонган, мамлакатимиздагина эмас, балки, дунё бўйлаб обрў – эътиборга мушарраф бўлган мазкур ишчан ва билоғон жамоага, унинг оқил раҳбари — раис Икромжон Ибрагимовга эзгу тилакларимни изҳор этаман”.

Банк рекламаси ҳақида гап кетганда, унинг бренди (логотипи) хусусида қисқача тўхталмасликнинг иложи йўқ. Маълумки, бренднинг икки хил: визуал ва психологик омили бўлиб, бири иккинчисини тўлдириб келади. Масалан, “Coca Cola” брендини – шишадан тошиб чиқаётган ичимлик тасвирини кўрган одамнинг оғзидан сўлак бези ажраб, шу вақтнинг ўзидаёқ, худди унинг таъмини ҳис қилгандек бўлади. Масалага мана шу нуқтаи – назардан қарайдиган бўлсак, “Hamkorbank” нинг бренди қисқа вақт ичида шу даражада тарғибот қилиндики, бугун унга кўзи тушган одамнинг хаёлида банк тўғрисидаги тасаввурлари ва албатта, ижобий сифатлари намоён бўлади. Ёки кейинги йилларда банк муассасалари янги брендга, банк стандартлари талабларига мос равишда қайта таъмирландики, эндиликда ҳар қандай одам бино фасадини кўрибоқ, агар бинонинг олд кўринишида логотип бўлмаса ҳам “Hamkorbank”ка тегиш­ли эканлигини англаб олиш даражасига етди. Рекламада гап кўп, деганларининг боиси шу бўлса керакда!

Шукурилло НЕЪМАТОВ,

«Hamkorbank» АТБ Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси.