“САЁҲАТГА АРАБ ДАВЛАТИНИ ТАНЛАРДИМ”

Қаҳрамонимиз Садриддин Қаюмов Сурхондарёнинг Денов туманида яшайди. Бир неча йиллар олдин ёшлик шижоати ва орзу-истаклари уни пойтахтга етаклади. Азим Шошдаги Молия олийгоҳида тўрт йил таҳсил олди. Сўнг она шаҳрига қайтиб, “Hamkorbank”нинг Денов филиалида иш бошлади.
Орадан олти йил ўтиб, мазкур филиалга қарашли “Қалдирғоч” банк хизматлари офисига универсал менежер бўлиб ўтди. Тиришқоқлиги туфайли шу йилнинг ўзида БХОлар орасида “Йилнинг энг яхши универсал менежери” дея эътироф этилди. 2020 йилда ҳам бу номинацияга ўзи эга чиқди. Ҳар томонлама намунали ходим бўлгани учун 2021 йилда Банкнинг эсдалик кумуш тангаси билан тақдирланди. Бу йил ҳам режаларни муваффақиятли бажариб, ўз йўналишида биринчилардан бўлишни мақсад қилиб турибди. Бунга асос ҳам тажриба ҳам етарлича. Негаки “Қалдирғоч” БХО Сурхондарёнинг энг ривожланган туманида фаолият олиб боради. Аҳоли гавжум, қолаверса, йирик савдо-сотиқ ҳудудида жойлашгани учун мижозлар оқими кўнгилдагидек.
— Авваллари пул ўтказмалари бўйича юқори кўрсаткичларни қайд этар эдик, ҳозирда кредит соҳасида яхши натижага эришяпмиз. Микроқарз ҳамда автокредитларга бўлган талаб юқори. — дейди Садриддин. — Шахсан ўзим бир кунда 100 нафарга яқин мижоз билан суҳбатлашаман. Кимдир кредит, кимдир пластик карта, кимдир яна бошқа масалада мурожаат қилади. Ҳаммани диққат билан тинглаб, хушмуомалалик билан хизмат кўрсатишга ҳаракат қиламан. Мижоз билан муносабатда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Аммо биздан талаб этилгани — оғир-босиқлик ва ширинсўз. Негаки ҳар қандай вазиятда мижоз ҳақ ҳисобланади. Тизимда тўққиз йилдан буён ишлаётган бўлсам, ҳали биронта мижоз билан “сен-мен”га бормадим.
Садриддиннинг айтишича, унинг юқори кўрсаткичларига “Қалдирғоч”даги муҳитнинг аъло даражада эканлиги ҳам сабабчи. Ҳамма бир-бири билан самимий, дўстона муносабатда. Шу боис у ҳар тонг иш жойига кўтаринки кайфиятда кириб келади. Дам олиш кунлари эса бутун эътиборини оиласи ва уч фарзандига қаратади. Рўзғори ҳали ёш, уйда қурилиш, таъмирлаш ишлари дегандек. Аммо Садриддин барчасига улгуради. Ахир ҳамиша қўллашга тайёр аҳил жамоа ва тинч-тотув оиласи бўлса, ким ўзида куч топмайди дейсиз. Айтганча, ундан “Вазифангиз қийин, баъзида кўнгилли ҳордиқ керак. Имкон туғилса, қайси давлатга саёҳат қилар эдингиз?” дея сўраганимизда, “Араб давлатларидан бирига” деган жавобни олдик.
Н.ТЎХТАМАТОВА