“СЕН АЛБАТТА ИҚТИСОДЧИ БЎЛАСАН”

“Hamkorbank”да яхши бир анъана бор. Ходимларни фаолликка бошлаш, мотивация бериш ва рағбатлантириб бориш мақсадида турли танловлар йўлга қўйилган. 2023 йил якунига кўра ана шундай танловларда ғолиб бўлганлар бугун янада шижоат билан меҳнат қилмоқда. Ушбу саҳифа ана шу ғолибларга бағишланди.

Халқимизнинг севимли фильми “Суюнчи” ёдингизга тушдими? Набирасини профессор бўлишини истаган Анзират буви каби менинг бобом ҳам болалигимда “сен албатта, молиячи, иқтисодчи бўласан” дея жуда кўп айтардилар.
Психологларнинг ўхшатишларига кўра, инсон туғилган вақтда мияси худди оқ доскага ўхшар экан. Ҳаёт тарзи, тарбия натижасида турли одатлар, аввало, ўзимизга, атрофдагиларга ва турли муносабатларга қарашларимиз ўша оқ доскага ёзилиб боради. Оиладаги муҳит, берил­ган тарбия, кўрганларидан андоза олиш каби ҳолатлар шулар жумласидан. Бобом Миркамол Миршарипов математика фанини пухта билган инсон эди. Математикага қизиқтирган ҳам бобом бўладилар. Балки шундан бошлангандир ҳаёт доскамдаги ёзувлар, ҳисоб илмининг севиб улғайишим.
Иқтисодчи бўлишга аҳд қилдим. Тошкент Молия институтига ўқишга кирдим. Ўқиб юрган кезларимда Акмал Аллақулов дарс берган. У “Hamkorbank”да ҳам ишларди. Дарс мобайнида фаолият­ларини сўзлаб берганлар. Касб танлашимга мана шу устозим сабаб бўлдими, қизиқишларим ёки бобомнинг орзуларими, шу соҳада ишлай бошладим. Бундан 3 йил олдин кундалик дафтаримнинг биринчи саҳифасига олдимга қўйилган орзуларим, мақсадларим ҳақида ёзиб қўйган эканман. Бугун ана шуларга эришаяпманми, дея савол бераман ўзимга. Жавоб­лар энди бошлангандай, гўё. 2023 йилда “Йилнинг энг яхши КХБ транзакцион менежери” номинацияси ғолиблигини қўлга киритдим. Жамоадаги муҳит, ҳамкасб дўстларим ҳаёт ёзувимнинг энг муҳимларидан.
Ҳа, яна бир гап, онам жуда қаттиққўллик билан биз фарзандларни ҳаётга тайёрлаганлар. Айниқса, таълим, интизомга қаттиқ эътибор берардилар. Чунки волидамнинг ҳаёт тажрибасидан маълумки, интизомли одамлар тарбияли бўлиши аниқ. Меҳнатдан қўрқмасликка, доим маррани ва мақсадни катта олиб, олға интилишга ундаганлар. Бу одатлари ҳали ҳам ўз кучида.
2023 йил давомида ўрганганларим ва эришганларимга сабабчи инсон Илёсбек Юлдашевдир. У ҳамиша маслакдош — ҳам ака, ҳам устоз. Ўзимни янада кенгроқ соҳада, йўналишда синаб кўрмоқчиман. Чунки банкда яратилган шароитлар, имкониятлар, эътибор зўр. Зеро, вазифангдан хузурланмас экансан, иш, севимли жамоангга талпинмас экансан ҳаётингда мазмун кўрмайсан.
Яна инглиз тилини пухта ўрганишни бошладим. Ўз устимда астойдил ишлаб, ўқиб халқаро сертификатимни янгиламоқчиман. Ўҳ-ҳў орзуларим бир олам, жуда чексиз. Ишонинг, ҳар кун янги мақсад ва истак­лар келаверади-келаверади. Асосийси, буларнинг ҳаммасига етиш учун ишонч бор менда.

Мирафзал НАЗАРОВ,
Тошкент минтақавий БХО халқаро валюта амалиётлари етакчи менежери.