«СЕРГЕЛИ» ВА «ОЛМАЗОР» “банк ва мижоз” узвий занжирининг равнақи йўлида

Мамлакатимизда қулай бизнес ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш борасида яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда иқтисодиётнинг муҳим бўғини ҳисобланган банклар фаолиятини юксалтириш, мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш ва молия муассасаси хизматларини янада такомиллаштириш мақсадида “Hamkorbank” АТБнинг энг кенжа универсал банк хизматлари офислари- Сергели ҳамда Олмазор 2022 йилда ташкил этилган.

Шундан буён тажрибали ва иқтидорли банк ходимлари икки туман аҳолиси даромадига даромад, ҳаётларига тўкинлик, ишларига барокатлар улашиш билан банд. Тадбиркорлар ва бизнес юритиш иштиёқидаги аҳоли талаблари асосида фаолиятини бошлаган ушбу муассасалар ўз фаолияти давомида “банк ва мижоз” узвий занжирининг равнақи йўлида хизмат қилишни мақсад қилган.
Айни дамда замонавий коммуникация воситалари ҳамда мебеллар билан жиҳозланган. Кўрсатилаётган хизматлар тезлиги ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 24/7 режимида фаолият кўрсатувчи замонавий банкоматлар мавжуд. Бу аҳолига пластик карталаридаги маблағларини нақдлаштириш, коммунал, уяли алоқа операторлари, шаҳар телефонлари, кабель телевидениеси, интернет хизмати учун тўловларни амалга оширишларига қулай шароит яратади.
Фаолиятини бошлаган илк дамда Олмазор УБХОда атиги 11 нафар ходим бўлган. Ҳозирда уларнинг сони 26 нафарга етди. Жамоа сафида елкама-елка хизмат қилаётган 8 нафар хотин-қиз қаторида О.Моисеенко, У.Раҳмонова, М.Юлдашеваларнинг меҳнат­ларини алоҳида эътироф этиш ўринли. Ходимларнинг асосий мақсади кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш.
Жорий йилда чакана бизнес йўналишида банк маҳсулотлари самарадорлиги ва фоизсиз даромадлар улушини ошириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Буни амалга ошириш учун бўлим бошлиғи Муҳриддин Очилов бошчилигида мижозларга тезкор ва сифатли банк хизматлари амалга ошириляпти. Шунингдек, корпоратив бизнес йўналишида юқори салоҳиятли, йирик банк айланмаларига эга бўлган мижозларни жалб қилиш асосий вазифага айланган. Жумладан, корпоратив бизнес йўналиши кредит қўйилмалари бў­йича 2023 йил 12 ойлик ўсиш режаси 118 фоизга, кредит қўйилмаларидан олинган фоизли даромадлар бў­йича режа кўрсаткичи 185 фоизга бажарилди.
Юридик шахсларнинг муддатли ва жамғарма депозитлари, валюта амалиётларидан олинган даромадлар бўйича ўсиш режаси 376 фоизга етди. Мижозлар портфели қолдиқ режаси бўйича 2023 йил режаси 59 та бўлиб, ҳақиқатда 94 тани ташкил қилди. Белгиланган режа кўрсаткичи 159 фоизга етди.


– Банкда юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратил­ган, – дейди Олмазор УБХО бошқарувчиси Искандар Ғаниев. – Мижозларнинг истаклари асосида ва шу орқали фаолиятимизни янада такомиллаштириш асосий мақсадимиз эканлигини инобатга олсак, “Hamkorbank” АТБнинг равнақи йўлида ҳамиша камарбастамиз.
“Эътироф” ойнаси ходимларнинг иш самарадорлиги ва банкга бўлган хайрихоҳликларини ошириш мақсадида номоддий рағбатлантириш йўналишларидан бири. Бу ойнага сурати қўйилган инсон юқори мотивацияга эга бўлади.
Шунингдек, ходимларнинг билим ва салоҳиятларини янада мустаҳкамлаш мақсадида босқичма — босқич ўқишларга жалб қилинмоқда. Айниқса, инглиз тилини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
“Zelal tekstil” ҳамда “Indigo garments” МЧЖ республика миқёсидаги текстиль корхоналар ичида энг йириклари ҳисобланади. Экспорт ва импорт шартномалари билан боғлиқ барча валюта операцияларини “Hamkorbank”да амалга оширади. “Baxt huaxin” МЧЖ эса қурилиш ташкилотлари ва савдо корхоналарига юқори сифатли цемент маҳсулотларини улгуржи сотиш хизматида. 2023 йилда юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларини исломий лизинг хизмати орқали сотиб олди. Юқоридаги каби 10 га яқин ВИП корхоналар жалб қилиш орқали молия муассасаси иқтисодий юксалмоқда.
— Тошкент молия институтини тамомлаб, Яккассарой УБХОга кассир лавозимига ишга қабул қилинганман, — дейди Умида Раҳмонова. — Иқтисодий бақувват жамоада шаклланиб, касб сирларини ўргандим. Менежер, етакчи ва бош менежер лавозимларида ишладим. Қўйингки, аҳил-иноқ, масъулиятли, тажрибали банк ходимлари “қозонида пишдим».
Янги очилган Олмазор УБХОга тажрибали якуний назоратчи зарур эди ва бу вазифага муносиб топил­ганимнинг ўзи шараф. Ўтган йил якунлари бў­йича ўз йўналишимда “Йилнинг энг фаол ходими” сифатида эътироф этилганим нафақат менинг, балки, барча ҳамкасбларимнинг ютуғидир.
— Касса банкнинг энг нозик нуқтаси. Бу жойда ишловчилар икки карра масъулиятли бўлиши талаб этилади, — дейди касса мудири Ольга Моисеенко. — Интизомли, намунали, ибратли ва садоқат билан фаолият юритиш зарур. 18 йилдирки, шу соҳада ишлаб келаман. Шуни тушуниб етдимки, банкда ишлайдиган аёлга ирода керак экан. ­Жамоам – иккинчи оилам. Жамоадошларим эса ака-укам, опа-синглим. Оила ва ишхонада зиммамдаги вазифани сидқидилдан бажаришга, банк ривожига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиляпман.

Сергели универсал банк хизматлари офисининг туман марказида жойлашгани ижобий, албатта. Бу ҳудуд мустақил ва энг муҳими, ривожланган инфратузилмага эга. Ушбу тумандаги ҳар томонлама ўсиш унинг юксалишига, иқтисодий ривожланишига йўналтирил­ган. Бино рўпарасида бўлган Саноат-қурилиш банки асосий рақобатчи. Бироқ, шунга қарамай қисқа фурсатда астойдил қилинган меҳнатлар, уринишлар боис Сергели УБХО ўз мижозларини топди.
Замонавий кўринишга эга инфратузилма асосида қурилган бинода мижозлар қабули жадаллашиб кетди. Илк очилган пайтда 10 нафар ходим иш юритган бўлса, кун сайин ортиб бораётган мурожаатлар ва ҳамкорлик қилиш истагидаги корхона, ташкилот, муассаса ва тадбиркорлар банк ходимлари учун қўшимча иш ўринлар эҳтиёжини туғдирди. Айни пайтда банк ходимлари 30 нафарга етди. Элдор Сайфутдинов, Нурилла Ҳусанов, Наргиза Илмуратова, Сейтнур Сейтназаров, Шоҳруҳмирзо Шарипов, Нумон Жўрабоевлар жамоанинг фаоллари.
Тўғри, эндигина тетапоя бўлаётган ташкилот кўп жиҳатдан бошқа универсал банк хизматлари офисларига тенглаша олиши бироз мушкул, лекин жамоанинг ташаббускорлиги, изланувчан ва интилувчанлиги туфайли унинг салоҳияти ҳам, муваффақиятлари ҳам қисқа фурсатда кўзга ташланди.
Ўтган 2023 йилда намунали иш ташкил қилинганлиги сабабли фойда кўрсаткичи ортиғи билан бажарилди. Фойдаланувчиларнинг ташкилот хизматларидан мамнунлиги зоҳир. Бу муболағадек туюлар, бироқ, айни ҳақиқат.
Жамоанинг “бир ёқадан бош чиқариб” бир-бирларига кўмакчи бўлиши, тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилиши самараси ўлароқ УБХОнинг иқтисодий юксалишида ўз аксини топди. Ҳозирда 1200 дан ортиқ жисмоний ҳамда 160 га яқин юридик мижозлари бор. Йирик ҳамкорлар орасида “Hamkorlizing”, “Ауто моторс Асиа” ҳамда “Аурора НРГ” масъулияти чекланган жамиятлари ўтган йилда банкга қўшилган.
Хизмат турининг энг тез ривожланаётгани Исломий молиялаштириш билан боғлиқ маҳсулотлар ҳисобланади. Айни пайтда бу хизматдан фойдаланаётган мижозлар талайгина.
Ўтган йил якунига кўра чакана бизнес йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар фахрланишга арзирли. Жумладан, 70 млн. сўмдан ошган 600 дан ортиқ кредит портфели мавжуд. Биргина омонат­чилар жалб қилиш ишлари ижобий. Айниқса, онлайн ва офлайн омонат қолдиғи ўсиши режаси 187 фоизга, халқаро пластик карталар даромади эса 207 фоизга бажарилди. Жами халқаро пул ўтказмалари даромади 136 фоиз, актив халқаро пластик карталар эса 226 фоизга етди. Бу каби ютуқларни эътироф этиш мақтаниш эмас, меҳнатларидан қувониш демакдир. Чунки Сергелининг ҳамма ходимлари ишга чанқоқ, ўзига нисбатан талабчан. Зиммасига юклатилган ҳар бир вазифани бажариш орқали эришилаётган ютуқларга муносиб ҳисса қўшишмокда. Зеро, банкнинг нуфузи мижозларга кўрсатилаётган хизмат сифати, уларга ишониб топширилган маблағларининг кафолатланганлигига боғлиқ.
— “Hamkorbank” да ишлаган одам қадрланади. Энг кўп кредит ажратган ва энг кўп мижоз жалб қилган ходимлар алоҳида эътироф этилади. Ҳамкасбларимнинг ҳаммаси касбини севадиган, иқтисодий билимлари мустаҳкам бўлгани боис ҳам жамоамиз тез кўзга кўринди. Янги режалар асоси кўп мижоз жалб қилиш, кўпроқ даромад олишдан иборат, -дейди УБХО бошқарувчиси Жамшид Қурбонов.
Сардорхўжа Ҳусанов,
КХБ бошлиғи.
— Ишимизнинг фахрланарли жиҳати халқимиз фаровон турмушининг юксалиши, оғирини енгил қилишга ҳисса қўшишдан иборатлиги. Банкнинг кўмаги билан одамлар уйли, машинали бўлишяпти, тўйлар қилишяпти, фарзанд­ларини ўқитиб, — келажагини яратишяпти. Тадбиркор сифатида ривожланишяпти.
7 йил бўлди банкда ишлаётганимга. Дастлаб Олмалиқ жамоасида касб сирларини ўргандим, 2019 йилнинг илк ойидан Яккасарой УБХОда ишлай бошладим. Сағбон БХО бошлиғи бўлдим. Энди Сергели УБХОда халқ хизматига камарбастаман. Касбимни севаман. У менга кайфият беради, куч беради. Олға интилишга бошлайди.
Азиза Мўминова, Ходимлар билан ишлаш менежери.
— “Hamkorbank”га ишга кириб адашмаган эканман. Яратилган шароит­лар, берилган имтиёз ва имкониятлар яхши. Жамоада соғлом муҳит ҳукмрон. Ҳамма бир-бирига меҳрибон, иноқ. Улар билан эски қадрдонлардай суҳбатлашаман. Ҳамкасбларимнинг ҳаёти, оилавий шароити доим муҳим. Оиласи тинч бўлса ўз вазифасини сидқидилдан бажаради, ишида унум бўлади.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА