СИНФДОШЛАР “HAMKORBANK”ДА


Тўрт синфдош — улар Марғилон шаҳридаги аниқ фанларга ихтисослаштирил­ган лицейда бирга ўқишган. Аълочи ва ташаббускор, иқтидорли ва ижодкор болалар намунали хулқи билан доим синфдошларига ўрнак бўлишган. Лицейни тугатишгач тўрт абитуриент олий мақсадларни орзулашади.
Орзу билангина мақсадга эришиб бўлмайди. Буни тез англаб етган синфдошлар тайёргарликни кучайтиришади — ўқиб ўрганишади. Интилиш ва ҳаракатлар зое кетмайди. Энди улар талаба.


Тўртовининг йўллари яна туташди. Фарғона политехника институтида таҳсилни бирга давом эттиришди. Келажакка интилиш уларни касб танлаш­да ҳам муштарак мақсадлар сари бирлаштирди. Кимлигига қизиқяпсизми?
4 синфдош, 4 курсдош, 4 ҳамкасб — Абдуқаҳҳор Шарипов, Азизбек Нуралиев, Шаҳноза Ғафурова ва Неъматилло Ҳошимов.
— Бизни “Hamkorbank” бирлаштирди, — дейди Марғилон УБХО ўринбосари Неъматилло Ҳошимов.
— Пешонамизга абадий дўстлик ёзил­гандек, гўё. Абдуқаҳҳор бошидан аълочи, ташкилотчи бўлган. Давлат грантида ўқиган. Шунинг учун ҳам ҳозирда Фарғона минтақавий банк хизматлари офисида бошқарувчи. Шаҳноза иккимиз Марғилонда ишлаяпмиз, у жамоамизнинг “лидер” аёлларидан. Азизбек эса Олтиариқ БХО бошлиғи. Адолатли ва интилувчан йигит.
Шаҳноза, Азизбек ва Неъматилло билан болалик, талабалик ҳамда илк иш бошлаган даврларини эслаш­дик. Абдуқаҳҳорнинг банд эканлигини тўғри тушундик.
— У даврларнинг шукуҳи “Hamkorbank”да давом этаётганидан хурсандман. Дўстлар билан елкама-елка, бир сафда фаолият олиб бориш мароқли. Билмаганингизни ўрганасиз, маслаҳатлашасиз. Ҳаммага ҳам насиб этавермайди бундай дўстлик. Бу борада биз бахтлимиз, — деди кўзлари порлаб Шаҳноза.
Қадимда ўтган бир подшоҳ уч ўғлини чақириб, “ўзингизнинг номингизни қолдирадиган бир ёдгорлик барпо этинг, — деб буюрибди. Катта ўғли номим қолсин, деб ўзига ҳашаматли мақбара солдирибди, ўртанча ўғли боғ–роғ қилибди, кенжа ўғли дўст орттирибди. Буни эшитган ота “вақти соати келиб мақбара нураб битади, боғ–роғ қурийди, аммо мустаҳкам дўстлик ҳамма нарсага бардош беради, кенжам тўғри йўл тутибди”, деб ворисликни унга топширган экан.
Меҳрнинг, дўстликнинг ўлчами бўлса, агар шу 4 қаҳрамонимиздан сўранг. Очиғи, уларга ҳавасимиз келди. Сизда-чи, сизда ҳам шундай ҳамкасблар, шундай содиқ дўстлар борми? Бор бўлса, сиз икки карра бахтлисиз.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА