“СИРЛИ ҚЎНҒИРОҚ” хизмат сифатини оширади

«Сирли мижоз» хизматлари ва сирли харидни текшириш усули ҳақида эшитганда, одатда кўз ўнгимизда савдо дўконлари, банклар ёки дорихоналарга ташриф буюрган «Сирли мижоз» гавдаланади. Сирли харид қилишнинг яна бир усули “Сирли қўнғироқ”ни амалга ошириш хизматидир.

Ушбу назорат усули турли йўналишдаги бизнес эгалари билан телефон орқали мулоқот асосида олиб борилади. Бу корхонанинг хизмат кўрсатиш сифати, ходимнинг мижозга нисбатан хайрихоҳлиги, сўзлашиш маданияти, маҳсулот ёки хизмат турларини мижозларга қай даражада тақдим этилаётганлигида муҳим ўрин эгаллайди. Энг муҳим жиҳати шундаки, ходимларнинг телефонда қандай жавоб беришлари, мижознинг корхона ҳақидаги биринчи ва доимий таассуротларини шакллантиради.
Бизнинг банкимизда ҳам “Сирли қўнғироқ”дан мижозларни банкка бўлган содиқлигини сақлаш, уларга банк маҳсулотлари ва хизматларини тўғри ва тўлиқ тақдим этиш ҳамда мижоз эҳтиёжига мос қўшимча банк маҳсулотларини сотишни самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда уни доимий назоратга олиш мақсадида фойдаланилади. Ҳар ой банкимизнинг барча тармоқларида “Сирли қўнғироқ” текшируви “Мижозларга хизмат кўрсатишни стандартлаштириш бўлими” томонидан амалга оширилади.
Бўлим томонидан ишлаб чиқилган тегишли стандарт­ларга асосан, баҳолаш анкетаси таcдиқланган бўлиб, ҳар бир тармоқ анкета мезонлари бўйича баҳоланади. Бунда банк хизмати ёки маҳсулотига доир сценарий (афсона)га асосан, махсус тайёргарликдан ўтган ходим томонидан “Сирли қўнғироқ” амалга оширилади. Баҳолаш натижалари эса, ҳар бир тармоққа муҳокама учун юборилади. Айнан шу йўл билан ходимлар “Телефон орқали мулоқот стандарти”, “Мижозларга хизмат кўрсатиш стандарти” ва “Низоли вазият­ларда ишлаш стандарти” талаб­ларига қай даражада риоя этаётганлиги аён бўлади. Шунингдек, мазкур текширув ходимларни мижоз билан самимий муносабатда бўлиши, эҳтиёжини аниқлаш ва уни ҳал этиш, эътирозлари билан тўғри ишлаш ва қўшимча маҳсулотларни тақдим этиш каби жиҳатларни ўзида янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
«Сирли қўнғироқ» текширувини мунтазам ўтказиб борилиши ходимларимизнинг мижозлар билан телефон орқали мулоқотида белгиланган стандарт ва баҳолаш анкетаси талаблари асосида суҳбат олиб бориш кўникмаларининг шаклланиши, энг муҳими, мижозни банкка бўлган содиқлигини сақлаб қолиш ва янги мижозларни жалб этишда ўзининг “сирли” самарасини бермоқда.

Шаҳриёр ҲАЙИТАЛИЕВ,
“Hamkorbank” АТБ мижозларга хизмат кўрсатишни стандартлаштириш бўлими сифат назорати мутахассиси.