СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР ФАОЛЛИККА БОШЛАЙДИ
Ушбу материаллар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида тайёрланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мужассам. Мазкур ҳуқуқларни амалга оширишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Сабаби, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини билиши, уни ҳаётда қўллай олиши ҳамда қонунларга оғишмай риоя этиши давлатнинг ривожланиши учун замин яратади.
Шу ўринда, сиёсий ҳуқуқларга эътибор қаратсак. Сиёсий ҳуқуқлар фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётида эркин иштирок этишига имкон беради. Бунга сайлаш ва сайланиш, овоз бериш ва давлат лавозимларини эгаллаш, йиғилишлар ўтказиш, уюшмалар тузиш ҳуқуқи ва бошқалар киради.
Конституциямизнинг VIII бобида сиёсий ҳуқуқлар ўз ифодасини топган. Жумладан, 36-моддада кўрсатилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади.
Албатта сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида гапирганда кўз олдимизда сиёсий партиялар гавдаланади. Чунки аксарият ҳолларда фуқаролар ўзларининг сиёсий фаолликларини маълум бир сиёсий партия аъзоси сифатида ифодалайдилар. Сиёсий партиялар мамлакатни мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожлантириш ҳамда демократияни таъминлашда муҳим роль ўйнайдиган жамоат бирлашмасидир. Ушбу муҳим институт фуқароларнинг уюшиш, фикрлаш, йиғилиш эркинликларига асосланади.
“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир пайтнинг ўзида фақат битта сиёсий партияга аъзо бўлиши мумкин. Партияга мансублигига кўра фуқаронинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш, шунингдек, унга имтиёзлар ёки устунликлар бериш тақиқланади.
Фуқароларнинг бу йўналишдаги фаоллиги уларнинг вакиллари фаолиятида ҳам кўринади. Сайловчиларнинг овоз бериши орқали сайланган халқ вакиллари уларнинг номидан иш кўради ва маълум ваколатларга эга бўладилар. Қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиришларга муносабат билдиришда ҳам депутатлар ўз сайловчилари номидан иш кўрадилар.
Бир сўз билан айтганда, сизнинг сиёсий ҳуқуқларингиз қонун билан мустаҳкамланган. Ундан самарали фойдаланиш ўз қўлингизда.
Абдуғаффор Каримов,
Андижон шаҳар.

