СОТУВДА ПЕШҚАДАМ МАФТУНА

“Hamkorbank” АТБ Чакана бизнес департаментидан таклиф келиб тушди: “Избоскан БХОда онлайн сотув билан шуғулланадиган ходимимиз бор, зўр ишлаяпти, шу қизни газетада ёритиш керак”. Бу таклиф бизга ҳам маъқул бўлди, тайёр қаҳрамон яхшида.


Шундан сўнг Избоскан БХО онлайн сотув ходими Мафтуна Мамарозиқова билан боғландик. Ҳақиқатан ҳам унинг БХОдаги юкламаси катта экан.
— Асосан жисмоний шахсларга банк маҳсулотларини таклиф этаман, — деди Мафтуна. — Агар бир кунда 100 нафар мижозга тавсия қилсам, шундан 30-40 нафари ўша хизматдан фойдаланишга рози бўлади.
Мафтунанинг офисдаги вазифалари қаторига онлайн омонатлар ва пластик карталар очиш, “Золотая корона” иловасидан келган пул ўтказмаларини мобил илова орқали виза картага тушириб бериш, онлайн микроқарзлар ажратиш каби муҳим хизматлар киради. Избоскан БХО мижозлар оқими тинмайдиган тармоқ. Мижоз кўпайса, навбат узая­ди. Бундай ҳолатда ишнинг тезроқ битиши хизматларнинг турига ҳам боғлиқ. Масалан, «Visa» картадан валюта ечиш навбатсиз бажарилади. «Visa» картага валюта эса “Hamkor mobil” иловаси орқали ўтказилади. Бунинг учун мижоз смартфонига иловани ўрнатиб олса, бас. Кредитга тўловларни онлайн амалга ошириш ҳам вақтни тежайди. Мижозлар мана шу қулайликларни тушуниб етишлари муҳим.
Мафтуна бугунги илғор технологиялар даврида масофадан туриб банк хизматларидан фойдаланиш қай даражада афзаллигини, бу ҳар томонлама осон ва тежамкор усул эканлигини мижозларга англатишга ҳаракат қилади. Албатта, кунига юзлаб инсонлар билан мулоқот катта куч талаб этади. Лекин у иродали ва тиришқоқ. Айнан унинг Избосканга келишига ҳам ишдаги натижалари ва изланувчанлиги сабаб бўлган. Бир йил аввал БХОда “Сбербанк” даромадлари бўйича кўрсаткичлар паст даражада эди. Мафтуна келибоқ, самарали иш ташкил қилишга киришди. Тумандаги 63 та маҳалла раислари билан боғланиб, маҳалланинг телеграм гуруҳларига “Сбербанк” орқали пул ўтказишнинг қулайликларини акс эттирувчи маълумотларни жойлаштириб беришларини илтимос қилди. Бу четда ишлаётган ҳамюртларимиз учун фойда келтиришини асослади. Изланишлар натижа бериб, “Сбербанк” даромадларининг икки баравар ошиши кузатилди. Шунга мос равишда белгиланган режалар миқдори ҳам юқорилади. Аммо Мафтуна зиммасидаги режани 140-150 фоизга етказмоқда. Бу фоизлар ортида ишни тўғри ташкил қилиш ва мижозлар билан самарали мулоқот ётибди. Мана, ходимнинг фойдалилик коэффициенти қандай бўлиши керак.
Н. СУЛАЙМОНОВА