Соябон
Соябон кундалик ҳаётимиздаги энг керакли буюмлардан бири. Ёғин-сочинли кунлардан ташқари бугундаги каби иссиқ паллада ҳам (айниқса, хотин-қизлар учун!) ўрни сезилади. Бошқа буюмлар каби унинг ҳам ўз ўтмиши бор.
Тарихий манбаларда соябон асл кўринишида милоддан аввалги XI асрда ихтиро қилингани ва унинг ватани Хитой ёки Миср эканлиги айтилади. У куч-қудратнинг рамзи бўлган: соябонлардан фақат фиръавнлар ёки императорлар ва қироллик одамларининг яқинлари фойдаланиши мумкин эди. Қизил ипакдан ясалгани император ҳукумати тимсоли саналарди.
Замонавий соябон дизайни ихтироси инглиз саёҳатчиси ва публицисти Жон Хенвейга тегишли. 1772 йилда қилган кашфиётидан одамлар унинг устидан роса кулишди. Шунга қарамай 1787 йилда Европа фабрикаларида соябонлар ишлаб чиқариш бошлаб юборилди ва тез харидорларини топди.
XVIII асрнинг ўрталарига келиб, ёмғир соябони лондонлик аёлларнинг кундалик буюмига айланди ва кўп ўтмай эркаклар эътиборини тортди.
Ҳозирда соябонлар ишлаб чиқаришда Хитой пешқадам саналади.
Дунёдаги энг қиммат қамиш соябоннинг нархи 50 минг АҚШ долларини ташкил этади ва бу бежиз эмас. Чунки унинг гумбази махсус ишлов берилган тимсоҳ терисидан қилинган, қора рангга бўялган, бу аксессуарни ниҳоятда замонавий ва ҳашаматли қилади.
Ҳ. Рашидов тайёрлади