СУДЛАР  АДОЛАТ ТОМОНДА

Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида

Бугун иқтисодий судларга келиб тушаёган аризаларда тўлов шартномасининг бузилишига оид масалалар кўп учрайди. Айниқса, фермер хўжаликлар томонидан улар етиштирган маҳсулотга ҳақ тўлашнинг кечиктирилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан киритилган даво аризаларини кўп ўрганамиз. 

Биз ҳуқуқий демократик мамлакатда яшар эканмиз, ҳар бир жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланиши  зарур. Ҳеч ким ҳуқуқи топталиши  билан боғлиқ ҳолатлардан  азият чекмаслиги керак.

Масалан, фермер хўжаликлари ҳосилни етиштиришдан аввал уни қабул қилиб олувчи корхона билан шартнома тузади. Шартномада иккала томоннинг манфаатлари ҳам ҳимоя қилинган ҳолда олди-берди шартлари кўрсатиб ўтилади. Фермер белгиланган муддатда хом-ашёни етказади, лекин унга тўланадиган ҳақ аксарият ҳолларда кечиктирилади. Бугун бундай муаммоларга дуч келаётган фермер хўжаликлари  кўпчиликни ташкил этади.

Одатда жавобгар томон, яъни ҳақ тўловчи  маҳсулотнинг сотилмаганлигини ва у сотилгандан кейин ҳақини тўлаб бера олишини сабаб қилиб кўрсатади. Аммо қонун бўйича шартномада қандай тартиб белгиланган бўлса,  шу асосида тўлов амалга оширилиши керак. Масалан, маҳсулот сотилиши ёки сотилмаслигидан қаъти назар, кўрсатилган санагача уни  етиштирувчи томонга ҳақ тўланиши шарт.

Яқинда Избоскан туманида фаолият кўрсатаётган уруғлик чигит етиштириб берувчи  фермер хўжалиги ва  уни қабул қилиб олувчи МЧЖ ўртасидаги  судлашувда ҳам худди шу ҳолат  кўриб чиқилди. Ва суд фермер фойдасига қарор чиқарди.  Судда жавобгар томонидан шартнома қоидаларига амал қилинмагани  асослаб берилди. Шундай бўлсада,  жавобгар биринчи инстанция судидан норози бўлиб, судга қайта апелляция шикояти киритди. Суд унинг шикоятини қаноатлантирмади. Чунки корхона тўловни ўз вақтида амалга оширмай, муддатидан кечиктириб юборган. Даъвогарнинг манфаати қонун билан ҳимоя қилинди.

 Ҳа, судлар бугун адолат мезонига таянган ҳолда қонунларнинг устиворлигини таъминлаш йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда. Ҳақиқат ким томонда бўлса,  суд, албатта, юзага чиқаради.  

А.МАДАМИНОВ,

Андижон вилоят суди судьяси