СЎРАГАН ЭДИНГИЗ
Савол: Турмуш ўртоғим биринчи оиласидаги фарзандларига алимент тўловчи бўлганлиги туфайли аёли чет элга чиқишига таъқиқ қўйган. Ушбу таъқиқни бекор қилса бўладими?
Зебохон Баҳодирова,
Асака тумани.
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг 42-1-моддаси 6-қисмига кўра, вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек чиқиб кетишга чеклашни олиб ташлаш учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 808-сонли қарорига мувофиқ белгиланади.
Юқоридагиларга асосан, турмуш ўртоғингизни чет элга чиқиш учун қўйилган тақиқни олиб ташланиши учун, биринчи оиласидаги фарзандлари учун тайинланган алиментларни олдиндан тўлаши ёки алимент ундирувчи билан, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун, гаров шартномаси тузиши керак.
Саволга Адлия вазирлиги хузуридаги “Мадад” ННТ Марҳамат туман ҳуқуқий маслаҳат бўлими бош мутахассиси
Одилжон Ботиров жавоб берди

