ТАДБИРКОРЛАРГА ҲАМИША ҲАМКОРМИЗ

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор янада кучайди. Бу борада филиалимиз жамоаси тегишли тадбирларни амалга ошириб, изланувчан тадбиркорлар, кичик бизнес вакилларининг хайрли ишларига мадад беришга ҳаракат қиляпти.
Ҳозирда мамлакатимизда қурилиш кўлами ҳар қачонгидан авжида. Бунёдкорлик ишларида бизнинг мижозларимиз саналган вилоятимиздаги бир қатор йирик корхоналар фаол иштирок этишяпти. Масалан, Кармана туманидаги «Karmana Dilnur» МЧЖнинг асосий фаолияти темир бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат. Корхонадаги иш кўламини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 180 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратилди. Бу, корхонанинг ўз айланма маблағларини 200 миллион сўмга кўпайтириши ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга имкон яратади.


“Navoiy sheben xom-ashyo” ХК ҳам фаолиятини кенгайтириш мақсадида клинкер ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олишга эҳтиёж сезаётганди. Бу борада мижозимизга 950 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Пировардида корхонада цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом-ашё, яъни клинкер ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Йирик ва етакчи саноат корхонаси саналган “Қизилқумцемент” АЖ ҳам банкимизнинг турли хизматларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Мазкур жамият фаолияти учун зарур бўлган 4-сонли клинкер ишлаб чиқариш технологик тармоғини қуриш лойиҳасини режалаштирди. Хайрли мақсад учун банкимиз ўз маблағлари иштирокида 19 миллион Евро миқдорида кредит ажратди. Ушбу кредит ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш баробарида янги иш ўринларини ташкил этишга йўналтирилгани билан аҳамиятли.
Шунингдек, “Kar-rig-trans”, “Heating radiators”, “Xatirchi jaloyir trans yo`l” каби бир қатор қўшма корхона ва масъулияти чекланган жамиятлари ҳам берилган йирик кредитлар ҳисобига фаолиятларини янада кенгайтиришга эришдилар.
Бугунги кунда тадбиркор аёл жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллади. Яратувчилик меҳнатига иштиёқи баланд, замонга ҳамнафас опа-сингилларимиз сафи тобора ортиб бормоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга ўз бизнесларини йўлга қўйишлари учун кўмак бериш доимий эътиборимиз­да. Йилнинг ўтган даври мобайнида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан изланувчан аёлларга тегишли кредитлар ажратиб борилди. Чунончи, маиший хизмат ва сервис кўрсатиш соҳасида иш бошлаганларга 1 млрд. 738 млн. сўм, тадбиркор аёлларнинг айланма маблағларини тўлдиришга 7 млрд. 394 млн. сўм, ишлаб чиқариш соҳа­сида шуғулланаётганларга 3 млрд. 241 млн. сўм, қишлоқ хўжалиги йўналишидагиларга 274 млн. сўм миқдорида молиявий кўмак кўрсатилди. Мухтасар қилиб айтганда, ўтган 10 ой ичида 91 нафар тадбиркор аёлларга 15 млрд. 699 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши баробарида қатор қўшимча иш ўрни яратилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мижозларимизга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишни устувор вазифа деб билган жамоа жорий йилни барча кўрсаткичлар бўйича ижобий натижалар билан якунлашга интиляпти. Бу борада У.Омонов, К. Хаитов, Х. Пармонов, Б.Муротов, Л. Ракаев каби ўз касбининг фидойилари бўлган ходимларимизнинг саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор.
Ишончли, сифатли ва тезкор. Банкимизга мижозлар томонидан берил­ган бу эътирофга лойиқ бўлиш учун аҳил ва изланувчан ҳамкасбларимиз бор билим ва имкониятлардан янада самарали фойдаланадилар, деган умиддаман.

Жорий йилнинг 10 ойида:
— хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 11 млрд. 421 млн. сўм;
— айланма маблағларни тўлдиришга 31 млрд. 775 млн. сўм;
— қурилиш соҳасига 3 млрд. 559 млн. сўм;
— қишлоқ хўжалиги соҳасига 324 млн. сўм, жами 364 та хўжалик субъектига 341 млрд. 770 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Бунинг натижасида 117 та янги иш ўринлари яратилди. Белгиланган фойда режаси 113.3 фоизга бажарилди.

Ҳикматилла ШЕРНАЗАРОВ,
Навоий филиали бошқарувчиси.