ТАОМИМИЗГА ТАЪМ БЕРАЁТГАН “SAODAT”

Тадбиркор Дилшодбек Отажонов раҳбарлигида 2010 йилда ташкил топган “XONQA BILLUR SALT” хусусий корхонаси аҳолини сифатли ош тузи билан таъминлаш орқали таомларимизга маза-таъм киритиб келмоқда. Корхона тузларининг таркиби 99,9 фоиз натрий хлордан иборатлиги, хлор ва йод билан бойитилганлиги жиҳатидан аҳамиятлидир.


Дастлаб иш бошлаган пайтда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 250 тоннани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу рақамлар 5000 тоннага айланди. Мега завод маҳсулот ҳажми, иш ўринлари сони ва банк хизматларидан фойдаланиш самарадорлиги билан Хонқа туманининг иқтисодий ривожига салмоқли ҳисса қўшаётгани эътирофга лойиқ.
Корхона Қорақолпоғистон Республикаси ҳудудидаги туз конларидан техник усул ёрдамида хом ашё қазиб олиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланади. Тайёр маҳсулот “Saodat” ош тузи номи остида республикамиз истеъмол бозорига тақдим этилади. Юртимизда ушбу бренддаги ош тузи кириб бормаган хонадон бўлмаса керак.
Корхона 2015 йилдан буён Урганч УБХОга қарашли Хонқа БХОнинг энг намунали мижозларидан. БХО корхона ҳисоб рақамларини юритиш, маблағ айланмасини таъминлаш каби хизматларни амалга оширади.
Корхонада фаолият юритаётган 45 нафар ишчи-ходимларнинг маошлари ўз вақтида қўлига тегишида банк амалиётларининг сифатли йўлга қўйилиши муҳим роль ўйнамоқда. Корхона банк хизматларидан, банк эса корхона ишончидан мамнун.

Н. ТЎХТАМАТОВА