ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА МАРКЕТИНГ
Маркетинг сиёсати банк ва мижоз ўртасидаги муносабатларни тубдан ўзгартириб, банк мижоз учун қоидасига асосланади. Аввал банклар омонатчилар ва қарз олувчиларга банк маҳсулотларининг маълум бир турларини таклиф қилиш орқали ўз бизнесини олиб борган бўлса, эндиликда улар мижозларнинг алоҳида гуруҳлари, йирик корхоналар, кичик бизнес вакиллари, жисмоний шахслар ҳамда бошқа турдаги мижозларнинг эҳтиёжлари асосида хизматларнинг янги турларини жорий этмоқда.
Бугунги кунда банклар мижозлари билан ўзаро муносабатларини жиддий маркетинг таҳлили асосида амалга оширмоқда. Банк хизматлари бозорида рақобат кучайгани сабабли маркетингга тобора кенгроқ аҳамият бериляпти. Маркетинг ривожланишидаги икки асосий йўналиш банк ишида ихтисослашув ва универсаллашувга мойилликларни тушуниш учун калит вазифасини ўтайди. Биринчидан, бу «бозорнинг вертикал жойи»га мўлжалланган маркетинг бўлиб, унинг моҳияти истеъмолчиларнинг берилган гуруҳлари бўйича хизматни ёхуд бир-бирига функционал жиҳатдан яқин хизматлар комплексини сотиш йўлларини излашдан иборат. Банклар эски бозорни ёки унинг бир қисмини тутиб қолиш ўрнига ўз хизматлари учун доимо янги бозорлар топишга интилишади.
Иккинчидан, «бозорнинг горизонтал жойи»га мўлжалланган маркетинг бўлиб, истеъмолчилар эҳтиёж сезиши мумкин бўлган банк хизматларининг бутун комплекси бўйича эҳтиёжларини қондиришни назарда тутади.
Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантиришда маркетинг фаолиятини ривожлантириш муҳим ҳисобланади. Айниқса, ривожланган давлатлар банк соҳасида маркетинг фаолияти тажрибаси банк стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Тижорат банкларида маркетинг фаолиятини кредит бериш жараёнида ривожлантириш банк стратегиясининг микро даражаси сифатида баҳоланади. Унинг қанчалик тўғри ишлаб чиқилиши банк фаолиятини рақобат бозорида устунлигини таъминлаш, уларнинг маҳсулотини цикллик даврини яхшилаш ва мижозлар сонини ортишига олиб келади. Кредит бериш жараёнида маркетинг фаолиятини ривожлантиришда жаҳон амалиётида кенг қўлланиб келаётган учинчи томоннинг дастурий таъминоти ва компьютер операцияларидан фойдаланган ҳолда аутсорсинг стратегиясини қўллаш муҳим ҳисобланади. Ушбу стратегиядан 2000 йилдан буён Европа иттифоқи давлатларида кенг фойдаланиш амалиёти қўлланилмоқда. Уни қўллаш банк харажатларини қисқартириш имконини бериш орқали хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, микромолиявий хизматлар бозорида тижорат банклари маркетинг фаолиятини ривожлантириш банк мижозлари билан бевосита боғлиқ. Қачонки банк мижозларга хизмат кўрсатишнинг самарали тизимини ишлаб чиқсагина, уни рақобат бозоридаги фаолияти шунчалик юқори бўлади.
Умуман банк хизматларини ривожлантиришда маркетинг фаолияти доирасида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:
— мижозларга тўғри муносабатда бўлиш ва доимий мижозлар сонини кўпайтириш. Банк маркетинги мақсадларидан бири янги мижозларни доимий тарзда жалб қилишдир. Аниқ амалиётларни бажариш учун банкка мурожаат қилаётган жисмоний ва юридик шахслар ҳар доим тўлдирувчи ёки ёндош хизматларнинг эҳтимолли харидорлари сифатида иштирок этадилар. Масалан, мижоз банкдан чет эл валютасини олаётган бўлса, унга хорижга саёҳат чоғида бахтсиз ҳодисалардан суғурталанишни таклиф этиш мумкин.
Янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва олға суриш натижасида банк кўтарадиган харажатларнинг ҳажми ҳам жуда муҳимдир. Чунки, банк ниҳоятда қимматли ресурсларни тасарруф қилади, уларни бозорнинг энг фойдали — талаб юқори ҳамда хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар нисбатан камроқ бўлган сегментларида ишлатиш лозим.
Банк маркетинги нақд пулсиз ҳисоб-китобларни такомиллаштириш ва тезлаштириш ҳисобига пул муомаласини жадаллаштиришга қаратилган бўлиши лозим. Нафақат омонатчилар сафини кенгайтириш, балки, уларга хизмат кўрсатиш сифатини доимий яхшилашга ҳам қаратилган интеграцияланган маркетинг тобора афзаллик касб этиб бормоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, банк маркетинги — банкнинг ишончлилиги, исталган ташқи ўзгаришлар пайтида унинг мустаҳкамлигининг муҳим омили. Моҳияти таркибан режалаштириш, таҳлил, тартибга солиш ва назоратдан иборат.
Ҳамдам АЛЛАЁРОВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти маркетинг кафедраси ассистенти.