ТИЛ ЯШАСА — МИЛЛАТ ЯШАЙДИ
“Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олийжаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.
Ш. Мирзиёев
Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг: «Эрдам боши тилдур», яъни «Барча эзгуликлар тилдан бошланур», деган сўзларида теран ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, одамзот қалбидаги жамики олийжаноб фазилатлар она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан камолга етади.
Абдулла Қодирий бобомиз она тилимиз борасида куюниб шундай деган эди: «Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар». Дарҳақиқат, тил яшаса, миллат яшайди. Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон, бирлигимиз мустаҳкам бўлади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланди. Хусусан, «21-октябрь — Ўзбек тили байрами куни» деб белгилангани унутилмас, тарихий воқеага айланди. Давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган Фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу йўналишда 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга жорий этилмоқда.
Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Дунё миқёсида бу тилда 50 миллионга яқин одам сўзлашади.
Мустабид тузум даврида тилимизни йўқотишга кўп уринишлар бўлган. Лекин халқимиз ўз она тилини — миллий ғурурини сақлаб қолди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган Қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди. Халқимиз дилига қувонч солган бу воқеаликни суюкли шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳароратли сатрларга бир умр муҳрлаб қўйди:
Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар,
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим.
Ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. Президентимиз 2019 йил 21 октябрда «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармон қабул қилди. Унга биноан бу сана юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.
Ҳар бир инсон миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Она тили миллатнинг руҳи, давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Бинобарин, ўзбек тилини ривожлантириш, давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашдек масъулиятли вазифа барчамизнинг олдимизда турибди.
А. ТУРҒУНОВ

