ТОЗА ҲАВОДАН НАФАС ОЛЯПМИЗМИ?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва онлайн нашрлар Ўзбекистон ҳавосининг ифлосланиб бораётгани ҳақида бонг ура бошлади. Бу каби хабарлар ҳар биримизда ҳадик-хавотир уйғотиши табиий. Хўш, аслида вазият қандай?
Сабаблар нимада?
Маълумки, ифлосланиш асосан табиий ва антропоген жараёнлар таъсиридан келиб чиқади. Табиий ифлосланиш ҳудуднинг географик жойлашуви ва об-ҳаво шароитига боғлиқ. Юртимиздаги қуруқ иқлим ҳамда атмосферадаги намликнинг пастлиги ўз навбатида атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланишининг тез-тез содир бўлишига ва янада кучайишига замин яратади.
Антропоген ифлосланиш эса ишлаб чиқариш жараёнлари ва транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли газлар ҳисобига юзага келади. Масалан, Тошкент шаҳрида 1,5 миллиондан ортиқ автомобиль ҳаракатланишини ва сўнгги пайтларда қурилиш соҳаларининг ривожланганлигини ҳисобга олсак, вазиятни яққол англаш мумкин.
Кўпинча атмосферада зарарли ҳисобланган PM2.5 ва PM10 чангли моддалар концентрациясининг меъёрдан юқори бўлиши ҳам кузатилади. Бунга асосан кучли шамоллар ва транспорт воситалари ҳаракати таъсирида майда зарраларнинг ҳавога кўтарилиши сабаб бўлади.
Қаерларда вазият оғир?
Албатта, юқоридаги омиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қаерда иқлим қуруқ, саноат ривожланган, транспорт воситалари кўп, қурилиш ишлари жадал бўлса, ўша ҳудуд ҳавосининг сифати ёмонлашади. Бу ҳолатни Тошкент, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кузатиш мумкин. Қиш мавсумида иссиқлик энергиясини ишлатишдан келиб чиққан газлар ҳам ифлосланишнинг ортишига сабаб бўлади.
Қайси ҳудуд тозароқ?
Бухоро, Жиззах, Сирдарё Наманган ва Фарғона вилоятларидаги ҳаво сифатини юқори деб айта оламиз. Бунга сабаб:
— Табиий муҳит ва яшил майдонлар. Мазкур вилоятларда кўпгина парклар ва яшил ҳудудлар мавжуд бўлиб, яшил ўсимликлар ҳавони тозалаш ва кислород чиқаришда муҳим роль ўйнайди.
— Саноат фаолияти ва транспорт воситаларининг камроқлиги. Бу ҳаво пӯстини заҳарли моддалар билан ифлосланиши ва транспорт газлари миқдорини камайтиради.
Ечим
Саноат корхоналарини самарадорлиги 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш, транспорт воситаларини муқобил ёқилғи турлари (метан, пропан)га ўтказиш, электромобилларни оммалаштириш ва “Тоза ҳаво” ҳамда “Автомобилсиз кун” тадбирларини кучайтириш.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда саноат корхоналари ҳудудида ташкил этилаётган “Яшил белбоғлар”.
Нозимбек НОСИРОВ,
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бош мутахассиси.