“ТЎҚИМАЧИ”ДА ДОИМ БАЙРАМ
Ҳуршид Бакаев “Hamkorbank” АТБ Бухоро минтақавий банк хизматлари офисининг тажрибали ходимларидан. 2009 йили бу жойга ишга келгунга қадар бошқа бир банк муассасасида ишлаган бўлсада, “Hamkorbank”да соҳага янгидан қадам босгандай бўлди. Сабаби тартиб ва талаб, ходимга эътибор ва рағбат бошқача. Бу, албатта, унинг зиммасидаги масъулиятни оширди.

Инсон бир ишга астойдил киришса қийинчилик ҳам сезилмас экан. У тиришқоқлиги ва масъулиятлилиги билан жамоа эътиборини жуда тез қозонди. Аввалига бек офис мутахассиси, фронт офис менежери вазифаларида ишлади. «Тўқимачи» ва «Ёшлик» банк хизматлари офисларида етакчи менежер сифатида ҳам самарали фаолият юритди. 2021 йилдан «Тўқимачи» банк хизматлари офиси раҳбари.
— Эрталаб ҳар бир кунимни байрамдек бошлашга ҳаракат қиламан. Ана шу кайфият ва ишга бўлган меҳр кун давомида менга куч беради, — дейди Ҳуршид Бакаев. — Мижозларни илиқ кутиб олиш бурчимиз. Агар озгина эътиборсизлик қилсак улар бошқа банк томон кетиши аниқ. Ҳамкасбларим ҳам бунга амал қилади.
Айни вақтда у раҳбарлик қилаётган «Тўқимачи» банк хизматлари офиси доим мижозлар билан гавжум. Барча хизматлар кўнгилдагидек йўлга қўйилган. Сардор Сайфуллаев, Насрулла Шукруллаев, Шерзод Нуруллаев ва Азизулла Набиевлар биргаликда изланишда. Белгиланган режаларни бажаришда бир-бирларига кўмакчи. 300 дан ортиқ юридик ва 50 дан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар доимий мижозга айланган. Кўрсатилаётган банк хизматларидан улар мамнун. “Файзулло логистика”, “Юсуф асал логистика” ва “Рушана текс” масъулияти чекланган жамиятлари банкнинг молиявий кўмаги билан ривожланиш йўлида.
2022 йилда кичик жамоанинг меҳнатлари Бош банк томонидан муносиб баҳоланди. БХО учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий бино совға қилинди. Натижада иш унумдорлиги янада ортди. Буни амалдаги йил учун белгиланган режаларни ортиғи билан бажаришга ҳаракат қилаётганларида ҳам кўриш мумкин.
А. НАСИРДИНОВ.
Б.Муталлибов олган суратлар.