“УЗР СЎРАШГА ОДАТЛАНГАНМАН…”
Дилрабо Турсунбоеванинг “Hamkorbank”да фаолият юритаётганига атиги бир йил бўлди. Аммо баъзида ходимнинг бирон жамоага мослашиб, у ерда самарали ишлаб кетиши учун қисқа фурсат ҳам кифоя қилади. Ҳамма гап унинг ўзидаги интилиш ва хоҳишда. Қаҳрамонимизда эса айнан мана шу жиҳатлар етакчи эди.
Бир куни Дилрабо Олмалиқ филиалида бўш иш ўрни борлиги ҳақида эшитиб қолди. Имкон туғилганидан қувониб, дарҳол банкка ҳужжатларини топширди. “Hamkorbank” ходимлари киядиган униформа унга жудаям ёқарди. Бу либос ранги ва дизайни жиҳатидан бошқалардан анчайин фарқ қилади. “Қанийди, менга ҳам шу формани кийиш насиб қилса” дея кўнглидан ўтказган пайти ҳам бўлган. Қарангки, орзу-ниятлари амалга ошиб, филиалнинг Мидл офис 1-тоифали офис менежери лавозимига қабул қилинди. Омадидан мамнун ҳолда 2021 йилнинг январь ойидан янги жамоада иш бошлади. Очиқкўнгил, киришувчан, самимийлиги туфайли янги ҳамкасблари билан тезда тил топишиб кетди. Аввалги жамоасида бўлгани каби бу ерда ҳам меҳрибон ва меҳнатсевар инсонларга дуч келди.
Етти йил “Агробанк”да ишлаб, тажриба орттиргани учун зиммасидаги вазифалар Дилрабога қийин туюлмади. Қолаверса, жамоадошлари, айниқса, бўлим бошлиғи Элдор Турғунбоевнинг қўллаб-қувватлаши, билмаганларини вазминлик билан тушунтириши, ўргатиши катта ёрдам берди. Тез орада у намунали ходим сифатида эътироф этиладиган бўлди.
— Янги жойда ҳурмат топиш осон эмас, — дейди қаҳрамонимиз. — Ўзим ҳам зиммамдаги вазифани аъло даражада бажаришга ҳаракат қиламан. Берилган топшириқни ўз вақтида бажариш доимий меҳнат тамойилимга айланган. Ижроси менга тегишли ҳужжатлар ишларини ҳеч қачон кечиктирмайман. Ҳамма билан тил топишиб кета оламан. Бировга қаттиқ гапириб, кўнглини оғритиб қўйишдан жуда қўрқаман. Қаттиқроқ гапириб қўйсам, дарҳол узр сўрайман. Узр сўрамагунимча кўнглим жойига тушмайди.
Аёл зоти борки, доимий иши ва касбидан ташқари, ўзи учун севимли бошқа машғулотларга ҳам вақт топади. Дилрабо “Mary Kay” компанияси маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишини айтди. Бўш қолди дегунча бичиш-тикишга ўтиради, пишириқлар пиширади. Оиласининг тотувлиги, тўкислиги учун тиним билмайди. Негаки у уч нафар фарзанднинг севимли онаси, бир инсоннинг меҳрибон рафиқаси. Бундай бахтни асраб-авайлаш учун ҳамиша интилиш ва ҳаракатда.
Н. ТЎХТАМАТОВА.

