УЙИНГИЗГА ҚАЧОН МЕҲМОН КЕЛГАН?


Маошимиз қўлимизга тегди — биздан бой одам йўқ. Ҳамкасблар одатдаги тушликдан воз кечиб, шаҳардаги машҳур ошхоналардан бирига кириб, ўзимизни “меҳмон” қилмоқчи бўлдик. Биз кирган тамаддихона табиат қўйнида бўлгани боис одам кўп, айниқса, аёллар. Нарироқда 15 чоғли хотин-халаж давра қуриб ўтиришар, бир-бирларига гап бермас, кулгилари атрофни тутарди. Назаримда ё синфдошлар, ёки курсдошлар, ё бўлмаса гап-гаштаги бор. Хуллас, ташкилотчилик қилаётган аёл “гап” бераётганига гувоҳ бўлдик.

Замон зайли билан “маданиятлилик” ила аввалига тўйлар, туғилган кунларни, аста-секин маърака-маросимларни ва кейинчалик уйимизда кутиш мумкин бўлган барча меҳмонларни ошхоналардан кузатишни ўргандик. Меҳмонга бориш ва меҳмон кутишни четга сура бошладик. Аҳён-аҳёнда жигар-бағирлар келмаса уйимизга, ўзгаларни кўчадаги “дастурхон” билан кузатиб қўя қоламиз.
Эсимда, болалигимда энам бизни галма-галдан меҳмонга, қариндошларникига олиб борарди. Уларни биз билан, бизларни эса улар билан таништирмоқчи бўларди-да. “Болалар қариндошларни танишсин, боришли-келишли, меҳрли бўлишсин”, деб такрорлашни канда қилмасди. Ҳозир битта бола етаклаб келган меҳмонни малол оламиз.
Ҳали ҳамон меҳмон келишини эзгулик, яхшилик рамзи деб ҳисоблайдиган момоларимиз йўқ эмас. Бу анъанани қадрлайдиган, меҳмонни “Атои Худо” дея алқайдиганлар бор. Баъзи оилалар қизларига бу одатни сингдирмагани боис келин бўлиб борган хонадонида “торлик” қилиб қўйишаяпти. Дўстлик, ўртоқлик, одамгарчилик туйғуларини шакллантирувчи риштани ҳис қилишмаяпти. Нега бугун бу анъанага амал қилмай қўйяпмиз? Уларга тор феълимиз, инжиқлигимиз, одамига қараб меҳмон қилиш каби нуқсонли одатларимизни сингдириб намуна кўрсатмаяпмизми, биз катталар? Ва алалоқибат масофасига қарамай ошхонаю чойхона, қўйингки, марказдан тортиб чекка-чекка балиқхонаю дам олиш жойларини “ишғол” этяпмиз-у, қўшнимиздан хабар олмаяпмиз. Ҳатто бугун совчиларни ҳам бирон бир ресторанда, кафеда кутишни одат қилдик. Ҳамма ҳам бу тартибда “меҳмоннавозлик” қиляпти дейишдан йироқман. Аксарият ҳолларда шундай йўл тутилаётгани сир эмас.
Бир танишим Тошкентга борганида укасининг хотинидан ранжиб қайтганини айтди: кўпқаватли уйда яшайдиган келини меҳмоннинг қўлига сув қуймай “ваннада ювиб чиқсангиз, овқатни сузар эдим, «дом»да обдаста ишлатилмайди-да”, дебди. Обдаста йўқми ёки хоҳиш, ёхуд бу ҳам “маданият” ёки меҳмонни менсимасликми?
Меҳмон кутишни ҳам ўзига яраша одоб ва маданиятлари мавжудки, улардан йироқлашаётганимиз ҳақиқат. Аввало, бирор узрли сабаб бўлмаса чақирилган жойга, албатта, бориш лозим. Буни ҳаммамиз билсак-да, кутувчининг мавқеига қараб борадиган, ёинки боришни истамасак, захирамиздаги “баҳона” билан қутиладиган бўлдик. Ахир одамларнинг бир-бирлари билан мулоқотда бўлиши, меҳр-оқибат, мурувват кўрсатиши, меҳмонлик ва мезбонлик алоқаларини боғлашлари каби инсоний фазилатлар билан улғайганмиз-ку. Савол туғилади: охирги марта уйимизга қачон меҳмон келди? Бугун ҳунар ўргатадиган даргоҳлар кўп. Уларда таълим олаётган қиз-жувонлар пазан­да бўлиб етишса-да, бу ҳунардан ҳамин қадар фойдаланиляпти ёки пул топиш йўлида ишлатиляпти. Майли, тадбиркорлик қилсин, оила даромадига ҳиссасини қўшсин, лекин меҳмоннавозликни ҳам унутишмасин-да.

Н. Тўрақулова