УММОНДА ЧЎКМАСЛИК ҲАРАКАТГА БОҒЛИҚ
Мижоз ҳар қандай банк ташкилотини шунчаки хизмат кўрсатувчи муассаса сифатида эмас, молиявий кўмакчи ва маслаҳатчи деб билмоғи лозим. Ана шунда содиқ мижозига айланади.
“Hamkorbank” АТБ амалиёт бошқармасининг барча бўлимларида ишладим. Чакана бизнес бўлимидаги фаолиятимда кўплаб омонатчиларнинг сирдошига, маслаҳатчисига айландим. Уларнинг миннатдорчиликларини эшитганимда шу соҳани танлаганимдан ғурурланган пайтларим кўп бўлди.
Онам банк ходимаси бўлгани боис шу соҳага қизиқишим юқори бўлган. Улар ўз касбининг етук мутахассиси эдилар. “Бугунги тараққиёт ва ривожланиш даврида ким замон билан ҳамнафас билими ва тажрибасини ошириб бормас экан, керакмас ходимга айланиб қолиш ҳеч гап эмас. Айниқса, банк ходими солиқ тизими, бухгалтерия ҳамда қонунчиликдаги янгиликларни билиши зарур”, дея кўп такрорлардилар.
2008 йилда касса амалиётлар бўлимига ишга қабул қилишганида онам (Аллоҳ улардан рози бўлсин) хурсанд бўлиб, “Банкнинг асоси — касса. Яхши мутахассис бўлишни истасанг, кассадан иш бошлаганинг яхши. Банкнинг ҳар бир бўлимида ишлаб чиқмагунингча банк фаолиятини яхлит ҳолда тасаввур қилолмайсан” деган ўгитлари кўп асқотди.
Дастлаб онам, кейинчалик Шарофат Азизова устозлик қилди. Улардан соҳамизнинг сир-асрорларини ўрганиб кам бўлмадим. Ҳозирда “Hamkorbank” АТБнинг Янги мижозларни жалб этиш бўлимида 1-тоифали мутахассис (гендер) лавозимида фаолият олиб боряпман.Гендер стратегиясининг асосий мақсади банк томонидан тақдим этилаётган хизматлардан аёллар ва эркакларнинг тенг фойдаланишига имкон яратиш ҳамда банк ходимлари таркибида аёллар ва эркаклар мувозанатлашган иштироки ва қатнашувига эришиш. Шунингдек, аёлларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилган. Унинг вазифаси нафақат ходима аёллар соғлиги, балки, психологик ҳолатларидан келиб чиқиб, тажриба ва билимларини ошириш, улар учун зарур шароитларни яратиш каби муҳим функцияларни назорат қилади. Ҳар бир байрамда тақдирлаш ва эъзозлаш анъанага айланган.
Жорий йилда “Аёл тадбиркорлар” телеграмм гуруҳи ташкил этилди. Банкнинг аёллардан иборат мижозлари аъзо бўлган. Унда саволларга жавоблар, давлат қонунчилиги, солиқ тизимидаги ва банк фаолияти билан боғлиқ янгиликлар билан таништириб борилади.
Ҳаёт гўё уммон. Уммонда чўкмаслик учун кучли ҳаракат муҳим. Менинг назаримда банк фаолияти ҳам уммонга ўхшайди. Қизиқарли, шу билан бирга, юксак ва шарафли. Масъулияти ҳам шунга яраша. Ўз устида ишлаш, тинимсиз изланиш, янги-янги технологияларни фаолиятга татбиқ этиш-замон билан ҳамнафас яшаш демакдир.
Наргиза ЮНУСОВА.