УНДИРУВ УСТАСИ
“Берган яхши, сўраган ёмон”. Бу иборани Қўрғонтепа УБХО ундирув бўлими бошлиғи Тўлқин Абдураҳимовдан эшитар эканмиз, “тўппа-тўғри” деган фикр ўтди хаёлимиздан. Пул шундай нарсаки, вақти келса, инсондаги мақсад ва режаларни бутунлай ўзгартириб юборади. Баъзида кредитни вақтида қайтараман дея яхши ниятда олган мижозлар ҳам ишлари орқага кетса, фикридан қайтиб қолиши ва “топганимда бераманда” деган йўлга ўтиб олиши мумкин.
Тўлқин ака 20 йилдан буён “Hamkorbank”да. Қўрғонтепага хизмат сафари билан ташриф буюриб қолсак, бу инсонни ҳужжат тўла иш столида бош кўтармай ишлаётганига кўзимиз тушади. У энг ишонган ходимлардан. Банк тизими ҳамда кредит билан боғлиқ масалалар борасида катта билим ва тажрибага эга. Бу салоҳиятни у билан суҳбатлашсангиз, дарҳол англайсиз.
— 1992 йилда Андижон халқ хўжалиги институтига сиртқи йўналишда ўқишга кириш билан бир пайтда “Агропромбанк”да иш ўрганувчиликни бошлаганман. У пайтда деярли барча банк амалиётлари қўл меҳнати орқали амалга ошириларди. Ишга киришимга ҳуснихатим сабаб бўлган. Ҳатто институтда домлалар ҳам дафтаримни текшираётиб, “қизларга ёздириб келдингизми?” деб сўрашарди. Етти ойлик иш ўрганувчиликдан кейин тумандаги “Тадбиркорбанк”ка ишга қабул қилиндим ва у ерда бошқарувчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтдим. Биринчи устозим дардоқлик Исроилжон Исмоиловдан банк соҳасида бир талай билимларни ўргандим, — дея ўтган ҳаёт йўлларини ёдга олди суҳбатдошимиз. — Устознинг қуйидаги гапи сира ёдимдан чиқмайди: “Банкка одамлар моддий ёрдам сўраб келади. Моддий ёрдам ололмаган тақдирда ҳам шу ердан нимадир ўрганиб кетиб, ундан зарур вақтда фойдалансин. Биздан мижозларга, қайси йўл билан бўлса ҳам наф тегиши керак”.
Тўлқин ака Миллий банкнинг Қўрғонтепа филиалида бошқарувчи бўлиб ишлаган пайтида Қўрғонтепа УБХО бошқарувчиси Маъруфжон Расулов билан тадбирларда кўришиб турарди. Маъруфжон ака ундаги соҳага бўлган фидоийликни кўра олган. Кейинчалик айнан шу инсоннинг таклифи билан “Hamkorbank” ходимига айланди.
Дастлаб Бош банкка халқаро пул ўтказмалари бўлимига мутахассис этиб тайинланди. Орадан бир йил ўтиб, Қўрғонтепа УБХО бошқарувчиси Ҳаётбек Абдураҳимовнинг таклифига биноан унга ўринбосар бўлиб келди. Ана ўшандан буён “Hamkorbank” cафида масъулиятли вазифаларда ишлаб, банкнинг ривожи ва тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда.
— Бугун бу тизимда ишлаш учун барча шароит муҳайё. Фақатгина ҳалоллик ва фидойилик кўрсатиш керак. Олаётган маошимиз ва мукофот пулларимиз тўкис яшашимиз учун етарли. Мен шу ерда ҳалол ишлаб, уй-жой қилдим, фарзандларимни ўқитдим, ҳурмат-обрў орттирдим. Қаерга борсам, қучоқ очиб кутиб олишади. Ташкилотларга борсак “Hamkorbank”ка эътирозимиз йўқ, сизлар қонунчиликдан чиқмаган ҳолда ишлайсизлар”, деб биринчи бизни қабул қилишади. Бу ишончнинг ортида улкан меҳнат бор, — деган фикрларни айтиб ўтди Тўлқин ака.
Қаҳрамонимизнинг айтишича, Қўрғонтепа УБХОда йиллар давомида катта ўсиш кузатилди. Масалан, 2006 йилда 1 млрд. 875 миллион сўм кредит қўйилмаси бўлган бўлса, бугун бу миқдор 200 млрд. сўмга етди. Ходимлар сони ҳам уч баравар ошди. Мижозлар катта контингентни эгаллади.
Тажрибали ундирув ходимининг фикрича, бугун аксарият кредитлар соддалаштирилган ҳолатда бериб юборилаётгани учун айрим ҳолатларда вазият муаммога айланиб кетмоқда. Гаровга қўйилган мулкларнинг нархидаги ўзгарувчанлик, жисмоний шахсларда кредит тўлаш маданиятининг пастлиги, қонун ва тартиблардаги ўзгаришлар натижасида ундирув муддатларининг чўзиб юборилаётганлиги муаммоли кредитлар билан ишлашда анчагина қийинчиликлар туғдирмоқда. Лекин шунга қарамай Тўлқин ака ўз ишини стандартлардан чиқмаган ҳолда, профессионал даражада бажаради. Ноҳақликка чидолмаслик характери бўлсада, банкнинг манфаати ва касбий этикани биринчи ўринга қўяди. Унинг касбий тажрибаси ва нотиқлик қобилияти туфайли кўпинча мижоз вазиятни тўғри баҳолаб, керакли хулосани чиқаради. Хуллас, жамоада алоҳида ўринга эга бу инсонни бугун “Hamkorbank” учун жуда ҳам керакли мутахассис деб айтиш мумкин.
Ҳа айтганча, Тўлқин Абдураҳимов теннис ва футболда ҳам моҳир ўйинчи. Бу ўйинларга қизиқиши анча-мунча профессионал спортчилардан қолишмайди. Уйида ҳам бўш ўтирмай чорвачилик билан шуғулланади. Мабода Қўрғонтепага келсангиз, ушбу меҳнат фахрийси билан бир партия ракеткада куч синашиб кўринг. Маҳоратига ана ўшанда тан берасиз.
Нигора МИРОЛИМ қизи

