УРГАНЧДА ШУНДАЙ МУАССАСА БОР

Хоразм вилоятида бугун “Hamkorbank” АТБнинг учта филиали мавжуд. Уларнинг тўнғичи — Урганч филиалини том маънода вилоят иқтисодиётининг муҳим таянчларидан бири деб аташ мумкин. Чунки сифатли ва замонавий хизматлари билан мижозларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган мазкур банк вилоятдаги молия муассасалари орасида ўз ўрнига эга. Ушбу саҳифа айни шу жамоанинг бугунги ҳаётига бағишланди.
Ҳамма гап аҳилликда
Умаржон Жумашов,
филиал раҳбари


2005 йилда «Султон Марам» номи билан ўз фаолиятини бошлаган филиалимиз йиллар давомида замонавий банк муассасаси сифатида шаклланди. 2009 йилда Урганч номининг берилиши зиммамиздаги масъулиятни янада оширди.
Кейинги йилларда ҳар бир соҳада кузатилаётган ривожланиш ва ўзгаришлар биз банк ходимларидан ҳам катта масъулият талаб этмоқда. Энди аввалгидек ишлаб бўлмайди. Соҳада ислоҳотларни амалга ошириш, хизмат сифатини яхшилаш ва мижозлар билан ишлашда ўзига хос йўл тутиш лозим. Агар озгина эътиборсизлик қилинса, молия бозорида четга чиқиб қолиш мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жамоамиз билан доим изланишдамиз. Тизимдаги янгиликларни ўз вақтида амалиётга жорий этиш бош мақсадимиз. Тўғри, бу борада “Hamkorbank”да бошқа банк­ларга нисбатан ибратли ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай ҳудуднинг талабларидан келиб чиқиб, янада масъулият билан иш юритиш лозим.
Ҳар қандай субъектнинг ютуғини жамоадаги муҳит ва малакали кадрлар белгилайди. Ходимлар ўртасида аҳиллик зарур. Уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мотивация бериб бориш янги марраларга бошлайди. 82 нафар ходим билан ишлашда биз шундай йўл тутамиз. Қайси вазифага ким муносиб, ким нимага қодир, кимни қандай муаммо қийнамоқда… Барчаси доим эътиборда. Тажрибали ходимлар билан бу борада бамас­лаҳат иш олиб борамиз.
Сафимизга қўшилган ёшлар “Устоз-шогирд” мактабида шаклланади. Роза Сапарова, Нуриддин Оллошкуров, Дилноза Файзуллаева ва Эргаш Матяқубовлар улардан ўз маслаҳатларини аямайдилар. Шу сабаб ходимлар бирон-бир муаммога дуч келса, уларнинг ёнига шошади. Яна бир гап: ой якунида рағбатлантиришга келганда ўйланиб қоламиз. Ҳар бир ходимимиз бунга муносиб. Бу борада ечимни оммавий рағбатлантириш орқали топамиз. Маънавий тадбирлар, дам олиш ва республикамиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳатларда барчага бирдек қаралади.
Касса банкнинг энг нозик нуқтаси. Бу жойда ишловчилардан икки карра масъулият талаб этилади. Айни шу мақсадда Зокир Қутлумуродов бошчилигидаги касса ходимларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Бугун мижозлар ҳар томонлама қулайликни талаб этмоқда. Шундан келиб чиқиб, ҳудудларда 6 та банк хизматлари маркази ташкил этилган. Мижозлар кўпроқ ана шу жойларга мурожаат қилади. Шунинг учун БХОларга малакали ходимлар жалб этилган.
Ҳозирда 1 та ВИП, 222 та йирик, 615 та ўрта ва 2060 та оммавий мижозга эгамиз. Уларнинг ҳар бири биз учун қадрли. Натижа ёмон эмас. Мижозлар сони ошиб, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилмоқда. Амалдаги йилнинг биринчи чорак якуни бўйича филиалимиз билан бир қаторда 3 та банк хизматлари маркази ғолиблар қаторидан ўрин олгани ҳам буни кўрсатиб турибди.
Доим изланишдамиз. Эришилган ютуқлар биз учун чегара эмас.

Филиал раҳбари хақида:

  • 1980 йил Урганч шаҳрида тиббиётчилар оиласида туғилган.
  • Урганч давлат университетини иқтисодиёт ва иқтисод йўналиши бўйи­ча тамомлаган.
  • Иш фаолиятини Марказий банк Хоразм вилоят бошқармасида бошлаган.
  • 2004 йилдан “Hamkorbank” АТБ тизимида фаолият олиб бормоқда. 2021 йилдан Урганч филиали бошқарувчиси.
  • Ҳаётдаги шиори: устозларининг изидан бориш.
  • Энг қадрли инсонлари: ота-онаси, фарзандлари.
  • Уйдаги муаммони ишхонага, ишхонадагини уйга олиб бормайди.
  • Ваъдасида турмайдиганларни сира ёқтирмайди.
  • Пулга муносабати яхши.


Газетахонлар билан учрашув
Филиалда “Hamkor press” газетасининг доимий ўқувчилари кўпчиликни ташкил этади. Шу боис таҳририят томонидан ташкил этилган “Газета ва газетхон” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги учрашув айни шу филиалда бўлиб ўтди.
Самимий мулоқот чоғида таҳририят вакиллари филиал ходимларининг “Hamkor press” ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан танишди. Банк ходимлари газетада кўпроқ ўқимишли, мулоҳазали, яъни ишдан ташқари мавзулардаги қизиқарли мақолалар берилиши таклифини билдирди.
Учрашув якунида таҳририят номидан филиал кутубхонасига эсдалик учун китоблар жамланмаси тортиқ қилинди.

25-АВТОМОБИЛь ЭГАСИНИ ТОПДИ
Шовот банк хизматлари офиси аҳолига намунали хизмат кўрсатишда доим ўрнак. Эрталабдан доим мижозлар билан гавжум. Беш нафар ходим уларнинг энг яқин молиявий кўмакчисига айланган.
Ҳамма ерда бўлгани каби, Шовотда ҳам автокредит ва микроқарз олишга бўлган талаб юқори. Куни кеча марказ томонидан тақдим этилаётган автокредит эвазига йигирма бешинчи автомашина ўз эгасини топди.
Тумандаги Арбоблар маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси, 80 ёшли отахон Баҳодир Эрбоев шундай дейди:
— Жуда кўп автомашина сотиб олганман. Яқинда яна банк кўмаги билан “Nexia 3” автоулови соҳибига айландим. Банк ходимларидан чексиз миннатдорман. Сира муаммо қилмайдилар. Ишингни битирмагунча парвона бўладилар.

Саҳифани Бекзод Муталлибов тайёрлади.