УСТОЗЛИК МАСЪУЛИЯТ

Инсон бир соҳада узоқ вақт ишласа, ҳамкасблари унга устоз сифатида қараши аниқ. Бироқ, бу осон эмас. Устозлик аслида катта масъулият демакдир.
Жалақудуқ универсал банк хизматлари офиси жамоаси Ҳурият­хон Юсуповага доим ана шундай эътибор билан қараши бежиз эмас. Ўн йилдан буён мазкур жамоада ҳалол меҳнат қилиш, ҳар бир ишга масъулият билан ёндошиш, ёшларга суянч бўлиш ва асосийси мижозларга намунали хизмат кўрсатиш орқали у шундай ҳурмат топди. Банк тизимида ишловчи хотин-қизлар тиришқоқ ва изланувчан бўлишини амалда кўрсатди.
Яқинда мазкур молия муассасасида ўзига хос тадбир ташкил этилди. Ҳ.Юсуповани нафақага кузатиш муносабати билан ҳамкасблари, шогирдлари бир даврада жам бўлдилар. Касса амалиётлари бўлими касса мудири лавозимида иш олиб бораётган соҳа фидойиси тўғрисида йиғилганлар илиқ фикрлар билдирди.
Дилабзахон Абдуллаева:
— Касбимиз ўта масъулиятли. Меҳнат, изланиш, ташаббус ва масъулият фаолиятимизда доимий шарт сифатида белгиланган. Ҳурият­хон опада буларнинг барчаси мужассам. Олдига қўйилган вазифани вақтида бажаришга одатланган. Кассада ишлаш қанчалик қийин бўлмасин сира нолимайди. Қайтанга “Ҳар бир ишнинг ўз сири бор, ҳаракат қилсангиз, уддалайсиз”, дея бизга мотивация берадилар.
Адҳамжон Ҳамроқулов:
— Ёш ходимлар янги иш бошлаганда Ҳуриятхон опага боғланиб қолади. Бунинг сабаби опа ёшлардан ёрдамини аямайди. Агар бирон бир муаммога дуч келсангиз, биргаликда ечимини топмагунча тинчимайдилар. Шу сабаб ҳамкасбларимиз ўзларига устоз деб биладилар.
Ҳуриятхон Юсуповани нафақага кузатиш тадбири байрамга айланди. Эзгу тилак­лар, ишонч ва ҳурматдан барча бирдек қувонди.


А. Насирдинов