УСТОЗ ЯРАТГАН МАКТАБ
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, бутун умр атрофидагиларга яхшилик улашиб яшайди. Уларнинг ибрат мактаби жой ҳам, одам ҳам танламайди. Ҳамма вақт кимнидир ҳожатини чиқаришга шошиб яшайдилар, билганларини бошқаларга ўргатишга ҳаракат қиладилар. Танлаган касби ҳам ўзига мос. Изланишдан чарчамайди, масъулиятни биринчи ўринга қўяди.
Истиқбол универсал банк хизматлари офиси етакчи мутахассиси Акбаржон Холматов тўғрисида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. У 35 йилдан буён банк тизимида ишлаш баробарида устозлик мактабини яратди. Ҳамкасблари доим унга интилади, тажрибаларини ўрганади. А.Холматов устозликни даъво қилмайди, шогирдлари ҳақида сўрасангиз, “ёшларга ўргатиш, уларни қўллаб-қувватлаш вазифамиз”, дея қисқа жавоб беради.
Устознинг ҳаёт йўли ибрат оларли. 1967 йилда Фарғонанинг Охунбобоев туманида туғилган. Иш фаолиятини 1989 йил “Агробанк”да кассирликдан бошлаган. Бир қатор банкларда ишлаб, касб сирларини ўрганди, тажриба оширди. 2000 йил “Hamkorbank” АТБ Фарғона филиали очилганда, бош ҳисобчи вазифасига таклиф қилинди. Аввалига ўйлангани бор гап. Бу банкнинг нуфузи, иш тартиби, ходимлари доим қўллаб-қувватланиши ҳақида эшитганди. Танловдан ўтгач, дадиллашди. Ишонч унинг зиммасидаги масъулиятни оширди.
Янги жамоа. Мижозларни жалб этиш, банклар орасида ўрин топишнинг ўзи бўлмайди. Барча бирдек ҳаракат қилиши керак. Акбаржон Холматов ҳам ҳисобчилик билан чекланмай, банк равнақи учун курашди. Фарғона шаҳридан ташқари туманлардан ҳам мижозлар жалб этилди.
— Банкда ишлашнинг ўзига яраша сири бор. 2007 йилгача бош ҳисобчи вазифасида ишладим, — дейди суҳбатдошимиз. — Кейин ички назорат ва якуний назоратга ўтдим. Ўрганганларим “Истиқбол”да қўл келяпти. Аслида банк ходими доим изланиши, янгиликларни ўрганиб бориши лозим. Яна биз учун энг муҳими — муомала маданияти. Кўпчилик билан ишлаймиз. Мижознинг кўнглини ола билиш — катта ютуқ.
Йиллар давомида Акбаржон аканинг топганлари кўп бўлди. Севимли жамоа, ҳамкасблар, шогирдлар, ҳурмат ва эътибор. Қатор тақдирловлар унинг меҳнатларига берилган муносиб баҳо.
— Ҳаётимдан нолимайман, — дейди ортга назар ташлаб Акбаржон ака. — Касбимнинг орқасидан жамиятда ўз ўрнимни топдим. Тўрт нафар фарзандимни тарбиялаб, қаторга қўшдим. Улар турли соҳаларда халқ хизматида. Агар қайтадан касб танлаш имкони бўлса, яна банк соҳасини танлардим.
Ҳа, инсон меҳнатдан бахт топади. Бунга осонлик билан эришилмайди. Акбаржон аканинг бугунги бахти ҳам кўп йиллик меҳнатларининг натижасидир.
Акбаржон Назаров,
Бекзод Муталлибов, олган сурат.

