ФАЗИЛАТЛИ РАМАЗОН ОЙИ ЯҚИНЛАШМОҚДА
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, мусулмон дунёси ойларининг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазон ойини бир олам шодлигу қувонч билан қарши олмоқдалар. Рамазон ойига азалдан “ойларнинг султони” дея таъриф берилган. Бу вақтда жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, жин-шайтонлар занжирбанд қилинади. Гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган, мусулмонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган, хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган ойдир. Зеро, Рамазон тенглик, кексалар, беморлардан хабар олинадиган, муҳтожларга кўмак, кўнгли ўксик инсонлардан ҳол сўраладиган ой ҳамдир.
Бу ойда улкан савоблар қўлга киритилади. Шунингдек, мусулмонларнинг мартабалари Аллоҳнинг ҳузурида юқори кўтарилиб, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади, гуноҳлари эса кечирилади. Барча мусулмонлар эзгу орзу умидлар оғушида бўлиб кимдир Рамазон рўзасини тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатм қилишга шошилса, яна кимдир кўплаб савоб орттириш ниятида бўлади. Бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳар томонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гина-қудурат, хусумат каби иллатлардан қалбини мусаффо этиш жоиз. Хайрли ишлар учун ҳар доимгиданда кўпроқ ажру савоблар кўпаядиган онлардир. Бу қимматли лаҳзаларни ғанимат билиб, меҳр-мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олийжаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплаш мақсадида рамазоннинг келишини интиқлик билан кутиш илинжидадир қалбларимиз. Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ойдирки, у эзгулик сайли, сабр мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Аждодларимиз асрлар давомида рамазон ойини келишини интиқлик билан кутиб, “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ”, дея дуолар қилишган. Рамазон келгач, унинг ҳар лаҳзасини қимматли билиб, солих амалларда бир-бирларидан ўзишга ҳаракат қилишган. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан ўзгача фазилат билан сийлади Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ неъматлар ила зийнатлантирди.
Хайр-саховат ойи Рамазонда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саховат кўрсатишда барчага намуна бўлиб, бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Беҳисоб шукрлар бўлсинки, истиқлол шарофати ила бир неча йиллардан буён Рамазон ойи халқимиз томонидан эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келинмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Президентининг адолатли қарорларида жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялаш масалалари мужассам. Шундай экан ҳар биримиз бу фазилатли ойни эзгу ниятлар ила жисми-жонимиз билан муносиб кутиб олишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таоло ҳар биримизни, барча бандалари қаторида раҳмат ва мағфират этиб дуолар ижобат ва даргоҳида қабул бўладиган Рамазон ойини хайрли ва баракотли қилсин!
Салимжон Матғозиев,
Андижон туманидаги “Аммор ибн Ёсир” жомеъ масжиди имом хатиби

