ФАОЛ ОБУНА ТАШКИЛОТЧИЛАРИ ДАВРАСИДА

Иқтисодий-ижтимоий мавзулардаги материаллар билан республика бўйлаб тарқалаётган “Hamkor рress” газетаси матбуот майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Айни кунларда газетамиз 7530 нусхада чоп этилмоқда. Бир оилада ўртача 5-6 нафар фуқаро яшашини ҳисобга олсак, 40 минг нафардан ортиқ ўқувчига етиб боряпти.


Газеталарга обуна анчайин қийин кечаётган бир вақтда бу бизни қувонтиради. Ўқувчилар сонининг ортиши зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. Ахборот манбалари кўпайгани сабаб талаб­лар юқори. Босма нашрлар олдига қўйилаётган талаб­лар ҳам кам эмас. Буни қондириш учун тинмай изланиш, янги-янги лойиҳалар устида ишлаш лозим. Бу борада газетхонлар фикрларини ўрганиш, таклифларини инобатга олиш зарур. Улар билан аудиториямиз янада кенгая­ди.
Яна бир масала. Обуначиларимиз сонининг ортишида ҳамкорларимиз-обуна ташкилотчиларининг муносиб ҳиссалари бор. Йил боши — газетхонлар ўйлари ва фикрлари биз учун муҳим. Улар билан учрашиб, дийдорлашувни мақбул билдик. Ўрганиш асносида энг фаол обуна ташкилотчиларини рағбатлантиришга қарор қилдик.
Қўрғонтепа универсал банк хизматлари офиси жамоаси фаолиятида ОАВ ролининг катталигидан қувондик. Янгиликлардан хабардор бўлиб бориш ва ўз билимларини оширишда банк ходимлари газетани энг яқин суянч деб биладилар. Жумладан, нашрнинг ҳар бир сони улар учун қўлланма. Буни мижозлар орасида ҳам тарғиб қилиб борадилар.


— Газетанинг ҳар бир сонини кузатиб борамиз, — дейди корпоратив хизматлар бўлими транзакцион менежерлари менежери Маъмура Сотиболдиева — Ҳамкасбларимиз фаолияти билан танишиш тажрибамизни оширса, дунё янгиликлари ва маънавият мавзусидаги мақолалар бўш вақтимизни мазмунли ўтишига хизмат қилади. Шахсан мен газетани оиламиздагиларга ҳам илинаман.
Учрашув доирасида 2023 йил учун обуна ташкиллаштиришда яқиндан кўмаклашган жамоа таҳририятнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Лойиҳанинг навбатдаги манзили Шаҳрихон универсал банк хизматлари офиси бўлди. “Hamkorbank” тизимидаги тўнғич муассаса раҳбари Зиёдулла Усмонов газета ташкил этилган вақтдан бошлаб кузатиб бориши, банк ҳаётини ёритишга янгича ёндошилаётгани, баъзи материаллар жамоада мунозараларга сабаб бўлаётганини таъкидлаб, таклифларини билдирди:
— Банк ходими кўпчилик билан ишлайди. Шу сабаб доим янгиликлардан хабардор бўлиши, билимларини ошириб бориши шарт. Бизнинг ишда сўз бойлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Газета бу борада энг яқин кўмакчи. “Hamkor рress”га келсак, ўз функциясини бажаряпти. Иқтисодиёт мавзуси, банк ходимларининг ишдан ташқари ҳаёти, эришган ютуқлари кенгроқ ёритиб борилса. Ижодкор ҳамкасбларимизнинг чиқишлари кўпчиликка мотивация беради.
Ходимлар синчков. Газетамизни бу йилги биринчи сони билан танишган Феруза­ Ўрмонова янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.
Жамоатчиликнинг фикри, баҳоси бизга илҳом беради. Шу сабаб лойиҳа давом этади.

Наргиза Эшонова