ФРОНТДАН КЕЛГАН МАКТУБЛАР

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик­лар томонидан фронтдан юборилган хатлар қарийб саксон йилдан бери архивларда авайлаб сақлаб келинмоқда.
Улар билан танишар экансиз, беомон уруш нафасини сезгандай бўласиз. Юртидан йироқда босқинчи фашистларга қарши курашаётган мард ўғлонларнинг ватанпарварлиги, ўзларини орзиқиб кутаётган яқинларига бўлган меҳру муҳаббатлари, оқибат ришталари нақадар кучли, мустаҳкам эканлигини ҳис этасиз.
Андижон вилояти Избоскан туманлараро давлат архивидаги минг­лаб ҳужжатлар орасида ана шундай мактублардан уч юзга яқинини кўриш мумкин. Бу ердаги миллий архив фонди ҳужжатлари (фонд № 48, китоб № 33)даги хатларнинг ҳар бири ўзига хос тарих, умр битиги. Архив директори Ойбек ҒОФУРОВ суҳбатимиз аввалида бу хусусда шундай деди:

— Ўзлари қийин шароитда, ҳар қадамда хавф-хатарда юрган, кеча-кундуз қон кечиб, жон беришаётган бўлишларига қарамай, ўзбек ўғлонларининг инсонийлик хислатлари, оилапарварлиги, яқинларига ғамхўрлиги нақадар юксак­лиги эътиборни тортади. Ўша даврда ҳукумат раҳбари номига пахтаободлик катта сержант Ҳайдарали Эргашевдан 1943 йилнинг 18 январида юборилган манабу хат ҳам бундан мустасно эмас. У қаҳрамонлик саломини йўллаш баробарида, госпиталда даволаниб чиққач, то охирги қони қолгунча немис фашистларига қарши курашажагини билдиради. Шу билан бир қаторда уйдаги кекса онасига, опа-укаларига овқат, кийим-бошдан ёрдам қилишларини сўрайди.
Оддий аскар Оташбой Султонов ўзи туғилиб ўсган туман ҳокимият вакилларига ёзган хатида 1942 йилдан бери урушда қатнашаётганлигини билдирган. “Уйимизда 65 яшар онам, бева синглим қолган, -деб ёзади у. – Мен бир йил ичида уларга ҳисобсиз хат ёздим. 1 май кунигача (1943 йил- таҳр.) уч дона хат олдим, бошқа келмади.Беш ойдан бери улардан дарак йўқ. Ҳозирда ёлғиз онамни қай аҳволда эканлигини билмайман. Онам Султонова Кумушбунинг ҳолати ҳақида билдиришингларни сўрайман. Уйимиз манзили…”
Жасорати учун 1943 йилнинг 12 августида “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган лейтенант Эргашбой Қодиров орадан ўн кун ўтиб, юртига хат йўллайди. ”Ўз Ватанимга, район ижроия комитетига ва райондаги бошқа актив­ларга соғинчли са­­лом”,­ дея бошланган мактуб­да у душманга барҳам бериб қайтишини, уйда қолган кекса ота-онаси ва болаларига ғамхўрлик қилиб туришларини изҳор қилган. Бундай мазмундаги мактубларни яна кўплаб келтириш мумкин.
— Яқинлари ҳақида қайғурган аскарларнинг сўровлари ижроси таъминланганми? Бу хусусда ҳужжатларда нималар дейилган?
— Ўзингизга маълум, ўша даврда нафақат фронтда, балки фронт ортида ҳам осон бўлмаган. Шундай бўлсада, жангоҳлардан юборилган хатларга алоҳида эътибор қаратилганлигини, тегишли чоралар белгиланганлигини кўришимиз мумкин. Архивимиз­даги ҳужжатлар бундан далолат бериб турибди. Уч йилдан бери армияда хизмат қилаётган оддий аскар Омонбой Юсупов 1943 йилнинг январида республика раҳбариятига хат йўллаб, бир йилдан бери уйига ёзган хатларига жавоб олмаётганлигини, 74 ёшли онасидан ва акасидан хавотирда эканлигини маълум қилганди. Хат олинган заҳоти масъуллар бу хусусда суриштирув олиб боришади. Пировардида аскарнинг онаси Баҳри Йўлдошевага давлат таъминоти томонидан доимий ёрдам жорий этилади. Урушдан ярадор қайтган унинг яна бир ўғли Болтабой Юсупов ҳам шундай имтиёзга эга бўлади. Бу ҳақда фронтга – Омонбой Юсуповга билдирув хати юборилади.
Ўша кездаги Респуб­лика Олий Советига 1943 йил 19 февралдаги № 3-03 алоқа хатига асосан юборилган жавобда катта сержант Эргаш Ҳайдаровнинг оиласига тегишли ёрдам кўрсатилгани баён этилган. Унда онаси аскар оиласи сифатида давлатдан нафақа пули олаётгани, уй ва томорқа билан таъминланганлиги, озиқ-овқатдан доимий кўмак берилаётганлиги таъкидланади.
Пахтаобод район советининг 1942 йилнинг 22 августидаги мажлисида урушда қатнашаётган командирлар ва аскарларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида комиссия тузиш, банкда ҳисоб рақами очиш масаласи муҳокама қилинганлиги тарихий ҳужжатларда ифодасини топган. Бундай комиссия­лар ўша даврда ҳар бир туманда иш юритганлиги боис аскар сўровлари эътиборсиз қолмаганлигига шубҳаланмаса бўлади.
Шунингдек, архивимизда уруш даврида Россия, Украина, Белоруссиядан юртимизга эвакуация қилинган­лар­нинг тақдирлари ҳақи­да билиш истагида бўлган яқинларининг хатлари ҳам мавжуд. Эътиборли жиҳати бундай хатлар ҳам назоратсиз қолмаган, тегишли чоралар кўрилган.
Фронтдан юборил­ган хатлар тарихимизнинг бир бўлаги, узвий қисми. Унинг ортида минг­лаб ҳамюртларимизнинг тақдири, қисмати ётибди. Мактублардаги ҳар бир сатр биз – авлодлар учун азиз, қадрли ва ибратли. Хотира ва Қадрлаш айёмида доимо таъкидланганидек “Ҳеч ким, ҳеч нарса унутилмайди”.
Ҳалимжон ТОҲИРОВ.