ХАТОЛАР ОРТИДАГИ САРСОНЛИК
ёки қариндошлик ришталари узилмайди
Тўланбой Гулсиной ҳоланинг ёлғиз фарзанди. У шугина боласини кўз қорачиғидай асраб-авайлаб вояга етказди. Келин қилиб эса Ихволхонни танлади. Келини одобли, меҳрибон, чаққон чиқди. Ихволой Тўланбой билан умрининг охирига қадар бирга яшади, қайнонаси Гулсиной ҳоланинг дуосини олди.
Гулсиной опа 1987 йилда вафот этгач, уй-жойи ёлғиз ўғлига мерос бўлиб қолади. Йиллар ўтиб Тўланбой ҳам оламдан ўтгач, Ихволхон опа қайнонаси номида бўлган уй-жойнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришига тўғри келади. Афсуски, ҳужжатдаги чалкашликлар сабаб муаммоларга учради.
Ихволхон Давранова давлат нотариал идорасига мурожаат қилганида турмуш ўртоғи Т. Батаяровнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бўлмаганлиги сабабли қайнонаси Г. Батаярова билан она-бола эканлигини суд орқали тасдиқлатмагунча мерос гувоҳномаси олиш имкони йўқлигини тушунтиришди.
Тўланбой Батияров, яъни турмуш ўртоғининг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувини ФХДЁ бўлимидан топа олмагач, Қўрғонтепа туманлараро судига мурожаат қилиб, уларнинг она-бола эканликларини тасдиқлаб беришларини сўрайди. Бироқ яна бир чалкашлик чалғитади: марҳум Т. Батаяров туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг она сатрида “Ботаярова Гулсиной” деб кўрсатилган. Ваҳоланки, марҳума Ботаярова Гулинисага тегишли (04.10.2017 йилдаги № 644-сонли)ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувида “Батаярова Гулиниса” деб қайд этилган.
Қўшнилари Тамара Аҳмаджонова ҳамда Тамара Умаровалар Ихволхон опани яхши танишлиги, чиндан ҳам қўшниси, марҳум Тўланбой Батаяровнинг қонуний хотини бўлганлигини ва вафотига қадар шу аёл билан яшаганлигини айтишади. Шунингдек, Тўланбой Батаяров Гулсиной Батаярованинг ёлғиз фарзанди эканлигини, онасининг дафн маросимларида бирга қатнашишганлигини ҳам билдириб, гувоҳлик беришади. Гулсиной ҳолани шу иккисидан бошқа яқини бўлмаганлигини тасдиқлашади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 5-сонли қарорининг 7-бандида “Қонун қариндошлик муносабатларини, бу муносабатлар бевосита юридик оқибатларни келтириб чиқаргандагина, яъни уларни тасдиқлаш меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олиш учун ва ҳоказолар учун зарур бўлса йўл қўяди”, деб кўрсатилган.
Суд юқоридагиларга кўра ҳамда Ўзбекистон республикаси фуқаролик Процессуал Кодексининг 295- моддаси талабларига риоя қилган ҳолда Давранова Ихволхоннинг аризасини қаноатлантиради. Турмуш ўртоғи ва қайнонасининг яқин қариндоши эканлиги тасдиқланди.
Эътибосизлик ва масъулиятсизлик сабаб бу каби холатларни кўплаб учратиш мумкин. Ихволхон Давранова мерос ёки молу-давлат учун курашмади, инсоний туйғулар, қариндошлик ришталари мавжудлиги, бу ришталарни ҳеч ким уза олмаслигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди, холос.
Фурқатали АҲМЕДОВ,
Қўрғонтепа туманлараро суди раиси.