ХЎЖАОБОДДА КАТТА БАЙРАМ

30 йиллик қўшалоқ айём арафасида “Hamkorbank” тармоқларида бу санани кенг нишонлаш анъанаси йўлга қўйилди. Ана шундай тадбир 25 йиллик фаолиятга эга Хўжаобод филиалида ҳам бўлиб ўтди.
Дастлаб меҳнатларнинг эътирофи сифатида банк ривожига ўз улушини қўшиб келаётган бир қанча ходимларга мукофот ва совғалар топшириш маросими ўтказилди. Филиал бошқарувчиси Искандар Аҳмедов, чакана бизнес бўлими бошлиғи Камолиддин Қорақулов, касса амалиётлари бўлими кассири Гулчеҳра Умрзоқова махсус фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Ёш бўлишига қарамай юқори натижаларга эришиб келаётган касса мудири Машрабжон Жўраевга ташаккурнома берилган бўлса, узоқ йиллардан буён ўз меҳнати, тажрибаси билан жамоа виждонига айланган Бек офис етакчи мутахассиси Аҳмаджон Зайлобиддиновга эсдалик учун кумуш танга тақдим этилди. Мукофотларни Бош банк номидан Хазина департаменти директори Шерзод Мамасолиев топширди.
Шундан сўнг шодиёналар уйида тузатилган серфайз дастурхон атрофида филиал ходимлари тармоқнинг энг намунали, қадрдон мижозлари билан биргаликда байрамни давом эттирди. Хонандалар Дилфуза Раҳимова ва Фарҳод Нафтиевлар дилтортар қўшиқлари билан йиғилган меҳмонларга катта завқу-шавқ бағишлади.
Бекзод МУТАЛЛИБОВ.