ЧИНАКАМ БАХТ ОИЛАДА
Урганч шаҳрининг Наврўз маҳалласида ибратли оилалар кўп. Улардан бири Мадирайим ота Жабборовлар оиласи. Отахоннинг Ойбиби она билан турмуш қурганларига бу йил 42 йил тўлади. Шундан бери аҳил-иноқ яшаб келадилар. Уларнинг бир-бирларига бўлган меҳр-оқибати, ҳурмати каби одамийлик хислатлари фарзандларига ҳам ўтган. Бунга маҳалладошлари ҳавас билан қарайдилар. Айниқса, ёш оилаларга ибрат мактаби сифатида кўрсатилади.
Уларни Хоразмда банкирлар оиласи сифатида ҳам кўпчилик яхши танийди. Эл эъзозидаги икки фахрийнинг тақдири ҳам банкда боғланган, десак муболаға бўлмайди. Оила бошлиғи 31 йил Марказий банкнинг Хоразм вилоят бошқармасида самарали меҳнат қилди. Ўз касбини севиши, билими ва тажрибалари асосида вилоятда банк тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишда доим ташаббускор бўлди. Қийинчиликлар олдида ўзини йўқотмади, қайтанга изланди, ўрганди. Йиллар уни устоз даражасига олиб чиқди.
Ойбиби онанинг ҳаёт йўли ҳам ибрат оларли. Турмуш ўртоғи билан бир касбда бўлгани унга қўл келди. 1992 йили банк тизимидаги фаолиятини бошлаганда энг яқин устози Мадирайим ота бўлди. Билмаганларини ўрганди, маслаҳат олди, ўз касбининг чинакам эгасига айланди.

— 2006 йили “Hamkorbank” АТБнинг Урганч филиалига ишга таклиф қилишганда бир оз иккиланганим рост. Негаки, бу банкдаги талаб, тартиб ва унинг нуфузи ҳақида кўп эшитгандим. Шунда турмуш ўртоғим мени қўллаб-қувватлади, “уддалайсиз”, дея ишонч билдирди. Адашмаган эканман, нафақага қадар ҳаётим шу банк билан боғланди. Жамоамиз жуда аҳил эди, бир-биримизни қўллаб-қувватлардик. Шундан бўлса керак, қийинчилик нималигини билмадим. Биз учун тартиб биринчи ўринда бўлган. Ҳозир ҳам шогирдларим бунга амал қилаётганидан хурсандман.
Суҳбатдошларимиз касбининг ортидан қанча ҳурмат топган бўлса, ҳаётда ҳам ибратли. Икковлари давлат ишларидан ошиниб, дилбандлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратдилар. Уч фарзандни камолга етказиб, касбу-корли, уйли-жойли қилдилар. Азаматжон, Ғайратбек ва Наврўзойлар ота—оналари изидан бориб, банк тизимида ишламоқда. Ўз ўрнида Мадирайим ота ва Ойбиби оналар ота-она сифатида уларнинг иш фаолиятларини ҳам назорат қилиб борадилар. Доим пул кетидан қувмасликни, муаммолардан чўчимасликни таъкидлайдилар. Фарзандлари ҳам ана шу ўгитларга доим амал қилгани сабаб банкирлар оиласи номига муносиб иш юритмоқдалар.
Оиладаги аҳиллик, бир-бирларига бўлган ҳурмат ҳавасингизни келтиради. Шогирдлар, маҳалладошларнинг бу хонадондан қадами узилмайди. Кексалик гаштини сураётган устозлар ёшлардан маслаҳатларини аямайди. Айниқса, Ойбиби опа тез-тез севимли жамоаси билан бўлмаса соғиниб қолади. Шогирдлари ҳам ҳурмат билан кутиб олади.
Урганчга йўлингиз тушса, албатта, Мадирайим ота ва Ойбиби оналар хонадонида бўлинг. Остонаси юмшоқ инсонлар. Сарамжон, ҳамма нарса ўз ўрнида, баҳридилингиз яйрайди. Фарзандлари, набиралари ардоғида, эъзозидаги икки меҳнат фахрийси ҳамон тетик ва бардам. Чинакам бахт аслида мана шу.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон-Хоразм-Андижон.

