ЧИРОҚЧИДАН ЧИҚҚАН ЛИДЕР

Фурқат Эрназаров Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан. Болаликдан лидерлик учун курашган. Мактабда етак­чиликдан бошланган бу ҳаракат кейинчалик раҳбарлик билан уланди. Бугун у “Hamkorbank”нинг Чирчиқ филиали бошқарувчиси. Суҳбатимиз ишдан бир оз ташқари бўлди.
— Адабиётни жуда севар экансиз. Иқтисодчи бўлсангизда кўп китоб ўқишингиз…

— Китобсиз яшолмайман. Мақтаниш деманг, бир ойда камида учта китоб ўқишга одатланганман. Чарчаганда, асабим бузил­ганда ҳам қўлимга китоб оламан. Биласизми, бу мен учун катта тарбия. Ўқиганларимга амал қиламан. Дунёқарашим кенгаяди, сўз бойлигим ортади. Айниқса, раҳбар учун бу жуда муҳим. Бошқарув мавзусига оид китоблар доим иш столимда туради. Ходимлар билан ишлаш­да кимдандир маслаҳат олиш ўрнига китобга суянаман.
— Бунинг сабаби нимада?
— Ўқитувчи оиласида туғилганман. Дадам Чироқчидаги 47-мактабда кўп йиллар муаллимлик қилган. Болалигимизда кечки овқатдан сўнг доим газета ёки китоб мутолаасига вақт ажратарди. Биз ҳам шунга одатланганмиз.
— Филолог ёки журналистликни эмас, банкирликни танлагансиз…
— Иқтисодиёт оиламизнинг қон-қонига сингган. Ҳисоб борасида жуда талабчанмиз. Яқинларимизнинг кўпчилиги иқтисодчи. Акам Мансурбек ва опам Насибахон банк ходими. Уларга ҳавас қилардим. Шундай бўлсада, мактабни тамомлагач, доришунос бўлишга қарор қилдим. Фармацевтика олийгоҳига ўқишга кирдим. Бироқ отам иқтисодчи бўлишимни орзу қилганини сезиб қолдим. Падаримнинг шу орзуси сабаб Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ҳужжат топширдим. Омадим келиб талаба бўлдим. Ана шунда бу соҳага боғландим.
— Банк ходими қандай бўлиши керак?
— Пулга меҳр қўймасангиз, коррупцияга қадам босмасангиз бас. Қолгани ўзингизга боғлиқ. Яна муомала маданияти зарур.
— Ҳаётда кўпроқ кимга эргашасиз?
— Отамдаги кўп хислатлар — тартиб-интизом, ўзига нисбатан талабчанлик ва қатъиятлиликни ҳурмат қиламан. Барча яхши жиҳатларни отамдан ўрганганман. Доимо “агар учрашув белгиласанг, кеч қолма”, дея кўп такрорлардилар. Бу ҳам қатъият, инсоннинг ҳурматини оширади.
— Раҳбарлик қийин эмасми?
— Масъулиятни унутмасангиз бўлгани. Яна ходимлар билан ишлаш­да ўз услубингиз бўлиши керак. Ҳамкасбларимнинг ҳар бири алоҳида олам. Керак бўлса уларни ҳар куни ўрганаман. Дўстлашиш ҳам фойдали.
— Ёшсиз. Дам олиш, оила, фарзанд­лар…
— Ҳаммасига улгураман. Айниқса, оила мен учун муҳим. Дам олиш кунларини деярли фарзандларим билан ўтказаман. Таътил даврида имкон қадар улар билан хориж сафарида бўламан. Бу ҳаммамиз учун фойдали.
— Бунга маблағ…
— Маошимиз ёмон эмас. Турмуш ўртоғим ҳам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Йил давомида буни ҳисобини оламиз. Келажакда фарзандларим бизнинг даражамиздан баланд бўлишини истайман. Бунинг учун ҳозирдан тайёрлаб бориш керак.
— Қишлоқдан келиб, Тошкентлик бўлиб кетиш осон бўлмагандир?
— Бироз. Болалигим кўпроқ пойтахтда ўтган. Ҳозир ҳам ўзим яшайдиган Тошкент шаҳридаги Обод маҳалласини жуда яхши кўраман, соғинаман. Қўшнилар билан бир оила бўлиб кетганмиз.
— Улар билан бир даврада ўтирганда ўзингизни қандай тутасиз?
— Умуман давра танламайман. Айниқса, қўшнилар мен учун қадрли.
— Инсонлардаги сизга ёқмайдиган хислат?
— Умидсизлик. Инсонда ишонч мустаҳкам бўлиши, олдинга қараб интилиши керак.
— Сиз ёқтирган жой?
— Ота маконим — Наврўз қишлоғи. Соғиниб яшайман ва борича севаман.
— Яна…
— Ҳаётда хеч қачон адашмаслик.

Суҳбатдошимиз ҳақида:
1984 йилда Қашқадарёда ту­ғил­ган. Фаолиятини “Hamkorbank”нинг Яккасарой филиалида бошлаган. 2020 йилдан буён Чирчиқ филиали раҳбари.

Ҳар қандай қийинчиликни синов деб билади.

Хориж сафарлари жони дили.

Оилали, уч ўғилнинг отаси.

Энг катта бойлиги: ота-онасининг борлиги.

Ҳаётдаги шиори: одамларга ях­­шилик қилиш, доим олдинга қараб ҳаракатланиш.

Акбаржон Назаров суҳбатлашди.