ЧИҚИНДИ ДАРОМАД АСОСИГА АЙЛАНМОҚДА

Маълумотларга кўра, барча давлатларда қаттиқ маиший чиқин­дилар миқдори йилига аҳоли жон бошига 1 фоиз ортиб бормоқда. Бизда бу кўрсаткич янада баландроқ. Чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар ҳам кўп эмас. Ваҳолангки, қаттиқ маиший чиқинди­ларни қайта ишлаш инвес­тиция киритиш учун энг мақбул бизнес турларидан биридир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишда чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш, хусусан, уларни сифатли қайта ишлаш тизимларини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, қайта ишлаш­да хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда. Сирдарё вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар эътиборли. Вилоятда ўндан ортиқ чиқиндини қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда. Бундан беш йил аввал ташкил этилган Янгиер шаҳридаги «Янги замин евро пласт» масъулияти чекланган жамияти улардан бири.


Ёш тадбиркор Олимжон Қаршибоев раҳбарлигидаги мазкур корхонада полиэтилен ва пластмасса чиқиндисини қайта ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Тадбиркор бошқалар каби саноатда осонроқ бўлган бирор бир маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланиши мумкин эди. Бироқ у бундай қилмади. Экологиямиз софлигини таъминлаш, барчанинг дилини хира қилиб турган атрофимиз­даги чиқиндиларни тозалаш орқали юрт ободлигига ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
— Тозаликка нима етсин, — дейди тадбиркор О.Қаршибоев. — Қизиқиб, дунё тажрибасини ўргандим. Белгия, Япония, Голландия ва Швеция каби мамлакатларда йиғилган 65 фоиз маиший чиқинди қайта ишланади. Чиқиндидан энергия олиш ҳисобига қанча ер ресурс­лари тежаляпти. Яна бу иқтисодий самарадорлик дегани. Шу сабаб ташаббусимни оиламиз­дагилар ҳам қўллаб-қувватладилар. Ҳозирда қўшни вилоятларда ҳам чиқинди йиғиш жойларини ташкил этганмиз.
Корхонада 100 дан ортиқ йигит-қизларнинг бандлиги таъминланди. Хорижий давлатлардан келтирилган дастгоҳлар иш унумдорлигини оширмоқда. Ҳар ойда ўрта ҳисобда 200 тонна пластмасса буюмлар тайёрланиб сувни қадоқлаш корхоналарига етказиб бериляпти. Саноат корхоналарида кенг фойдаланиладиган тасма (боғлама) ишлаб чиқариш ҳам кенгайиб бормоқда. Ички бозорда корхонанинг бу турдаги маҳсулотига талаб юқори.
Албатта, ҳар қандай лойиҳани амалга оширишда молиявий масала ҳисобга олинади. Сирдарёлик тадбиркор бу борада иккиланмади. «Hamkorbank» АТБнинг Гулис­тон минтақавий банк хизматлари офиси доим кўмакчи бўлди.
— Фаолиятимизни янада кенгайтириш ҳаракатидамиз, — дейди тадбиркор. — Банкдан амалдаги йилда ҳам шу мақсадда 660 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олдик. Қўшимча транспорт воситалари ва айланма маблағ учун фойдаландик. Йил охирига қадар туманларда маиший чиқиндилар йиғиш шохобчалари ташкил этамиз.
Чиқиндилар муаммосининг асосий ечими уларни хавфсиз ҳолда қайта ишлаш демакдир. Тўғри, барча чиқиндиларни йўқ қилиш, улардан тўлиқ фойдаланиш имкони йўқ. Шундай бўлсада, белгиланмаган жойларга ахлат ташлашга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган бир вақтда бундай корхоналарни қўллаб-қувватлаш лозим.

Н. Акбаров