ШАЙХОНТОҲУР: РАҚОБАТ, СТРАТЕГИЯ ВА МИЖОЗ
“Hamkorbank” АТБ Шайхонтоҳур универсал банк хизматлари офиси ташкил топганига 10 йил тўлди. Бир қарашда жуда қисқа даврдек кўринган бу йиллар мазкур молия муассасасининг ривожланиши ва мижозлар ишончини қозонишига йўл очди. Банклар ўртасидаги ижобий рақобатда тезкор ва сифатли хизматлари билан устунликка эришаётган жамоанинг бугунги ҳаёти ва келгусидаги режалари қандай? Муассаса раҳбари Ирода Ибрагимова билан айни шу ҳақида суҳбатлашдик.
— Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг юксалишига молия муассасаларининг қўшаётган ҳиссаси катта. Жумладан, “Hamkorbank” тижорат банклари орасида ривожланиш йўлида дадил одимлаб бормоқда. Шу тизимда ишлаётганингизга 26 йил бўлди. Тажрибаларингиздан келиб чиқиб, жамиятда банкларнинг ўрни ва замонавий банк ҳақида қандай фикрдасиз?
— Чиндан ҳам иқтисодиётимизни молия муассасаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳеч бир корхона йўқки, банкнинг молиявий кўмагидан фойдаланмаган бўлсин. Албатта, бу борада банкнинг имкониятлари, бошқалардан устунлиги катта аҳамиятга эга. Халқаро тажрибадан маълумки, молия ташкилотларининг бозорда барқарор позицияни эгаллаб туриши, аввало, уларнинг рақобатлашув қобилиятига, танлаган стратегияси ва мижозлар билан муносабатларига боғлиқ. Банк хизматларидан фойдаланишда онлайн шаклларни истеъмолчилар томонидан ўзлаштирилиши, ҳамкорлар билан ишлашда самарали инновацион ечимларни жорий этиш бугун янгилик эмас. Хизматлар бозорида рақобатнинг ортиши тижорат банклари рақобатбардошлилигини мижозга йўналтирилган маркетинг стратегиялари асосида оширишни ҳам тақозо этмоқда. Молия бозорига кириб келаётган янги стартаплар анъанавий банк хизматларини тақдим этувчилардан янги мижозларни жалб қилиш ва мавжудларини сақлаб қолишга қаратилган маркетинг стратегияларини ишлаб чиқишни талаб қилмоқда.
Мустақиллигимиз билан тенгдош “Hamkorbank” юқоридагилардан келиб чиқиб, янги лойиҳалар устида ишламоқда. Шу сабаб фахр билан айтиш мумкин, бугун мавжуд тижорат банклари орасида ўз ўрнига эга. Мижозларимиз сонининг ортиб бораётгани, кўплаб хорижий ҳамкорларнинг бизни танлаётгани қувонарли. Бу айни вақтда қанчалик юқори ўринга эга эканлигимизни кўрсатади. Замонавий банк деганда банкимиз фаолияти кўз олдимда гавдаланади. Ҳақиқат шуки, бизда ҳаммаси замонавий, янгиликларга бой. Сифат ва тезкорлик — асосий шиоримиз.

— Шу ўринда сиз раҳбарлик қилаётган УБХО фаолиятига тўхталиб ўтсангиз.
— Универсал банк хизматлари офисимиз 2014 йил Тошкент минтақавий банк хизматлари офиси (аввал шу номдаги филиал)га қарашли мини банк ўрнида ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирда 40 нафардан ортиқ ходим иш олиб бормоқда. Хизмат кўрсатиш сифати ва салоҳият борасида ҳар қандай банк муассасалари билан бемалол рақобатлаша оламиз. Мижозлар учун мавжуд барча турдаги хизматлар йўлга қўйилган. Кредит йўналишида бирламчи ва иккиламчи ипотека кредитлари, таъминотли ва таъминотсиз микроқарзлар мавжуд. Миллий ва хорижий омонат турларини онлайн ва оффлайн таклиф қилмоқдамиз. Юридик мижозларга ҳам янги маҳсулотларимиз маъқул бўлмоқда.
— Кўпроқ қайси турдаги маҳсулотларга талаб ортмоқда?
— Автомашина ҳар бир оиланинг орзуси. Бироқ етарли маблағ бўлмаса бунга эришиш қийин. Бу борада биз мижозларга яқин кўмакчимиз. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2022 йилда 264 та, 2023 йилда 460 та, 2024 йилнинг 7 ойида 135 та автокредит ажратилди. Таъминотсиз микроқарз олувчилар сони ҳам ортиб боряпти. Банк маҳсулотининг кўпроқ сотилиши ходимнинг ўз ишини қанчалик билишига боғлиқ. Агар ходим мижознинг кўнглига йўл топиб, эҳтиёжидан келиб чиқиб таклиф билдирса, сотишга эришади. Бунда маҳсулотнинг жозибадорлиги ва афзаллигини кўрсата билиш талаб этилади.
— Ҳамкорлар билан ишлашда муаммолар ҳам борми?

— Учраб туради. Агар банк ходими ўз вазифасини тўлақонли бажарса, муаммога ўрин қолмайди. Айрим мижозларда ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги вақтимизни олади. Бироқ, бизга мурожаат қилган борки, унга хизмат кўрсатишга мажбурмиз. Валюта билан ишлайдиган мижозларни ҳисоб рақамига валюта тушириш жараёнини янада тезлаштириш талаб қилинмоқда.
— Ходимлар фаолиятини қандай баҳолайсиз?
— Жамоамиз-катта куч, асосан ёшлардан иборат. Ютуқларимиз жамоаники. Ҳар қандай топшириқ биргаликда амалга оширилади. Бош банк томонидан белгиланган режаларни бажаришда ҳар бир ходимнинг ҳиссаси бор. Уларнинг малакасини ошириш, рағбатлантириш ва дам олишлари раҳбар сифатида доим эътиборимда. Ишда бир оила аъзоларидек ҳаракат қиламиз. Ҳамкасбларим мен учун қадрли. Агар ходим хатога йўл қўйса, жазолашдан кўра тузатишга кўмаклашамиз.
“Устоз-шогирд” мактаби ёшларни касбга йўналтириш баробарида фаолликка бошламоқда. Сардор Бердиев, Неъматулла Холматов, Темур Салимов ва Рустамжон Йўлдошов каби тажрибали ходимларимиз бугун устоз мақомини олган. Ёшларга талаб қўйишдан аввал ишни ўргатамиз. Агар шунда ҳам берилган топшириқни уддалай олмаса, хайрлашишга тўғри келади.
— Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун. Бу шиор бугун муболағасиз исботини топиб бўлди…
— Бизга мурожаат қилувчиларга ҳамма вақт ҳурмат кўзи билан қараймиз. Негаки, асосий мақсадимиз — сифатли хизмат кўрсатиш. Шу сабаб банкка кирган ҳар қандай инсон эътиборимиздан четда қолмайди. Хоҳ жисмоний, хоҳ юридик шахс бўлсин қўллаб-қувватлаймиз, Ҳозирги кунда 400 га яқин актив мижозлар мавжуд. Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони кун сайин ортиб бармоқда. Шайхонтоҳурдан ташқари Тошкент шаҳри ва туманлар аҳолисига ҳам хизмат кўрсатяпмиз.
— Замон билан ҳамнафас раҳбар сизнингча қандай бўлиши керак?
— Албатта, бошқарув фаолиятини самарали ташкил қилишда раҳбарлик маҳорати муҳим. Етакчи кенг дунёқараши, ходимлар билан ишлашда ўз услуби, ташқи муҳит билан ишлашда фикрлаш тизимига эга бўлиши керак. Юқори умуминсоний сифатларга, психологик қобилиятларга эга бўлиши баъзида таваккал қилиши мақсадга мувофиқ.
Бошқарув фаолиятини муваффақиятли амалга ошириш раҳбарнинг ёшига боғлиқ, деб биламан. Тўғри, Японияда йирик ишлаб чиқариш компаниялар раҳбарларининг ўртача ёши 63,5 бўлса, шу тоифа америкалик раҳбарларнинг ёши 59 да экан. Бу уларда етарли тажриба мавжудлигини кўрсатади. Бахтга қарши, бизда ҳозиргача компьютерда ишлашни ўрганолмаётган катта ёшли раҳбарларни учратиш мумкин. Ёш раҳбар кўпинча ташкилотга илғор технология ва тезкорлик олиб кирувчи шахс. Банк тизимида бу доим эътибордаги вазифа.
— Суҳбатингиз учун раҳмат. Яна бир бор байрам муборак бўлсин.
Акбаржон Назаров суҳбатлашди.