ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ БУЗИЛГАНДА…

  • Банк муассасасига кредит олиш истагида келган қарз олувчи билан қарз берувчи ўртасида икки томонлама шартнома тузилади. Мижоз банк томонидан қўйиладиган қонуний талабларга рози бўлиши аниқ.

Унинг учун бу вақтда қандай бўлмасин пулга эга бўлиш асосий масала. Амалдаги қонунчилик асосида иш тартибли кетса ҳаммаси жойида. Бироқ шундай ҳолатлар бўладики, вақт ўтиши билан айримлар пулни қайтариш ўрнига турли баҳоналар ўйлаб топади. Натижада ўртадаги шартнома бузилиб, иш судгача бориб етади.

“Hamkorbank” АТБнинг Асака филиалига якка тартибдаги тадбиркор М.У. молиявий кўмак сўраб келганида банк ходимлари уни ҳурмат билан кутиб олганди. Тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, молия­вий кўмак бериш вазифамиз, дея 2021 йил 3 мартда икки томон ўртасида шартнома имзоланди ва унга асосан М.У. га 180 миллион сўм кредит маблағи ажратилди.

Бир қарашда ҳаммаси жойида эди…

Қонун барчага баробар. Буни унутган тадбиркор берилган қарзни ўз вақтида қайтаришни унутди чоғи. Натижада қарз берувчи бу масалада судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқа­ролик кодексининг 382-моддасига кўра, агар ушбу кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. 

Ушбу кодекснинг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қайтариши шарт. Айни шу жойда қарз олувчи ўз масъулиятини унутган. Шу сабаб даъвогар — “Hamkorbank” АТБ Асака филиали кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш ҳақида даъво ариза киритди. Фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди бу ишни кўриб чиқиб, қарор қилди.

Қарангки, жавобгар белгиланган тартибда суд мажлиси ҳақида хабардор қилинишига қарамай, суд мажлисига келмади. Шу сабаб суд ишни сиртдан кўриб чиқишни лозим топди.

Жавобгар шартнома шартларига мувофиқ, йиллик 25 фоиз устама тўлаш шарти билан 36 ой муддатга 180 миллион сўм пул олган. Асосий қарз ва йиллик фоиз тўловларини шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган тўлов графигига асосан қоплаб бориши лозим бўлгани ҳолда тўловни амалга ошириш тартибини бузган. Натижада ҳал қилиш қарори қабул қилиниш кунига қадар 150 миллион 139 минг сўм қарздорлик юзага келган.

Очиқ сайёр суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 249-253- моддаларини қўллаб, даъвони қаноатлантиришга қарор қилди. Унга кўра икки тараф ўртасидаги шартнома бекор қилинди, қарздорликни ундирув жавобгарнинг гаровдаги мулкига қаратилди.

Савол туғилади: олишга келганда югурамиз, лекин қайтаришни нега пайсалга соламиз? Ахир банкдаги пуллар ҳам ҳисобли. Уни вақтида қайтариш билан наҳот иккинчи бир мижозга имконият яратиш ҳақида ўйламасак?..

Рустамжон СУЛТОНОВ,

Қўрғонтепа туманлараро суди судьяси.