ШАФФОФЛИК БИЗНИ ОЛДИНГА БОШЛАМОҚДА

Бугун молия бозорида рақобат шунчалик кучайганки, ўз ўрнингни топиш учун бошқалардан устунлигинг бўлиши лозим. Айтиш мумкинки, “Hamkorbank”да бу борада муаммога ўрин йўқ. Сабаби фаолиятимиздаги шаффофлик, тезкорлик ва сифатли хизмат бошқа банклардагига нисбатан баланд. Буни мижозларимиз ҳам эътироф этаётгани сир эмас.

Бизнинг универсал банк хизматлари офиси мисолида оладиган бўлсак, қандай бўлмасин мижоз талабини қондириш асосий вазифамиз. Кредитлаш бозорида фаол иштирок этиб, энг маъқул бўладиган таклифлар билан мижозлар ишончини қозонмоқдамиз. Ҳамкорларимиз сонини кўпайтириш ривожланиш стратегиямизнинг асосий шарти демакдир.
Муассасамизда айни вақтда 35 нафар ходим бир оила бўлиб хизмат кўрсатяпти. Уларнинг касб маҳоратини ошириш, соҳадаги янгиликларни амалиётга татбиқ қилиш доим эътиборда. Банкимизга кириб келган ҳар қандай мижознинг талаби қондирилади. Натижада йилдан-йилга уларнинг сони ортиб бормоқда. Бу борада йирик мижозлар сонини ошириш билан даромадимизни кўпайтириш ҳаракатидамиз. “Hydrolife bottlers”, ”Regotmas-azia”, ”Babur turan”, “Intergrain”, ”Inter-trading-group” ва “Erkin qurilish baraka” МЧЖ каби йирик мижозлар сони ошиб бормоқда.



Албатта, молиявий кўмак ҳамкорликни мустаҳ­кам­лайди. Шу сабаб уларнинг истиқболли лойиҳаларини доим қўллаб-қувватлаймиз. Жумладан, йил давомида “Ramazan gp” МЧЖ қўшма корхонасига айланма маблағ учун 1 миллион 700 минг АҚШ доллари берилган бўлса, “Erkin qurilish baraka” МЧЖга асосий воситалар сотиб олиш учун 3 млрд. 805 миллион сўм кредит ажратилди. Натижада мазкур корхоналарнинг фаолияти янада кенгайди.
Доимий ҳамкоримиз бўлган “Ramazan gp” МЧЖ қўшма корхонаси 2018 йилда ташкил топган бўлиб, ун ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Корхонада 200 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Ишловчиларнинг аксарияти маҳаллий ёшлар. Улар тайёрлаган маҳсулотлар ички бозордан ташқари жаҳон бозорида ҳам харидоргир.


“Erkin qurilish baraka” МЧЖ ҳам 2011 йилдан буён биз билан ҳамкорликда ишлайди. Асосий фаолияти кўп қаватли уй-жой қуриш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилган. Ҳозирда хориж тажрибаси асосида ишлаётган мазкур корхонанинг даромади ошиб бормоқда. Банкимизнинг молиявий кўмаги янги лойиҳаларни амалга оширишда уларга қўл келмоқда. Асосийси банк ва мижоз ўртасидаги ишонч йилдан-йилга мустаҳкамланиб боряпти.
Мижозлар билан самарали ишлаш­да ходимларимизнинг катта ҳиссаси бор. Айниқса, йиллар давомида катта тажриба орттирган Аброр Алимов, Абдулла Қораев, Барно Акбарова ва Дилшод Учқуновлардан ҳамма мамнун. Молиявий кўмак бериш баробарида даромадларини оширишда улар яқин кўмакчи.
Яна бир йил якунига етмоқда. Ортга назар ташласак, 2023 йилда сезиларли натижаларга эришдик. Бу бизни янада фаолликка, янги марраларга бошлайди. Олдинга интилиш, ривожланиш биз “Hamkorbank” ходимлари учун бош шиор демакдир.

Абдуҳалим Маърифжонов,
Чиноз универсал банк хизматлари офиси раҳбари.