ШИОРИМИЗ: МАСЪУЛИЯТ ВА ЯНА МАСЪУЛИЯТ

Рашиджон Мадаминов,
Филиал бошқарувчиси.


Банк ҳақида гапирганда беихтиёр кўз олдимизда мижозлар гавдаланади. Чунки фаолиятимиз улар билан боғлиқ. Асосий вазифамиз ҳам мижозга хизмат кўрсатиш. Биз кейинги йилларда бу борада муваффақиятларга эришяпмиз, дея айта оламан. Ўтган даврдаги самарали фаолиятимиз, молия бозорида ўз ўрнимизни топганимиз ва ҳамкорларимизнинг сони йилдан йилга ошиб бораётгани бунинг тасдиғидир.


Албатта, ютуқларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Бугун молия бозорининг талаби ўзгача. Мижоз билан ишлашда ўзига хос йўл тутиш лозим. Замонавий, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатилмаса, мижозларни йўқотиб қўйиш мумкин. Негаки улар учун танлов имконияти ошиб бормоқда.
Кейинги вақтда мижозларда чакана бизнес хизматларига талаб юқори. Жумладан, автокредит ва ипотека кредити олувчилар сони кескин ошди. Берилган микроқарз ҳисобига ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлар доимий ҳамкоримизга айланмоқда. Шунингдек, халқаро ва сўм пластик карталар орқали амалиёт ҳам оммалашиб бормоқда.
Аксарият юридик мижозларимиз бир неча бор молиявий кўмак олаётгани уларда бизга бўлган ишончи ортиб бораётганини кўрсатади. «VODIY NEFT TRANZIT» МЧЖ, «РАХМОН УМАР ФАЙЗ» МЧЖ ва «MAGIC BLAV OIL» МЧЖ, «АВТОГАЗ–СЕРВИС» Х/К, “НУРЛИ ТОНГ СИЛК” МЧЖ корхоналари ўз фаолиятини биз билан доимий боғлаган. Улар банк хизматлари ҳамда маҳсулотларидан фойдаланиб келишмоқда. Бу каби мижозларни қўллаб-қувватлаш баробарида даромадимиз ошиб бормоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жамоамиз билан доим изланишдамиз. Масъулият ва яна масъу­лият ши­оримиз. Бош банк томонидан берилган топшириқларни бажариш баробарида ҳудудимиздаги иқтисодий муҳит, тадбиркорлик, аҳоли бандлиги ва мижозлар талабидан келиб чиқиб иш юритяпмиз. Соғлом рақобат ҳар вақт изланишга, янгиликларни амалиётга татбиқ этишда олдинги сафда боришга ундайди.
Филиалимиз ташкил топганига 20 йил тўлди. Ортга назар ташласак бу йиллар биз учун ўсиш, ривожланиш ва банклар орасида ўз ўрнимизни топиш даври бўлгани кўзга ташланади. Дастлаб атиги 12 нафар ходим билан иш бошлаган бўлсак бугун Марғилондаги катта бир иқтисодий йўналишдаги жамоага айландик. Банк тизимидаги ислоҳотларни амалиётда қўллаш баробарида шаҳар иқтисодиётини юксалтириш бош мақсадимиз. Бизга бўлган ишонч ортиб бораётганининг сири ҳам мана шу.

Замонавий бинода кўнгилдагидек шароит яратилгани иш самарадорлигини оширмоқда. Бошқа банк­ларга қараганда тизимдаги янгилик­ларни олдинроқ амалиётда қўллашга ҳаракат қиляпмиз, маҳсулотларимиз ҳам кўпчиликка маъқул. Яна бир эътиборли масала мижозлар учун қулайликлар яратилаётгани. Филиалимиздаги мавжуд хизматлар жойлардаги банк хизматлари офисларида ҳам йўлга қўйилган.
Шу ўринда айтиш лозимки, Увайсий, Ипакчи, Олтиариқ ва Тошлоқ БХО бизнинг асосий қанотимиз. Бу айниқса, шаҳар марказидан нисбатан узоқ ҳудуд бўлган Олтиариқ ва Тошлоқ туманларидаги мижозлар билан ишлаш­да қўл келмоқда. Уларда валюта айирбошлаш шохобчаси, касса, барча турдаги коммунал тўловлар, давлат хизматлари учун тўловлар қабул қилиш, миллий ва халқаро валютада пластик карталар расмийлаштириш ва хизмат кўрсатиш, аҳолининг бўш пул маблағларини омонатга қабул қилиш, халқаро пул ўтказмалари, халқаро SWIFT пул ўтказмалари, кредитлар ажратиш каби хизматлар йўлга қўйилган.

Анвархон Мамадалиев раҳ­бар­лиги­даги Тошлоқ БХОда 6 нафар ёш ходим ишлайди. Туман марказида 8 та банк муассасаси мавжуд. Шунга қарамай, мижозлар бизни танлаётгани бежиз эмас. Улар орасида сифатли хизмат кўрсатишимиз билан ажралиб турамиз. Айниқса, чакана бизнес борасида катта мактаб яратилган.
Албатта, ҳар қандай ютуқ ва ижобий натижа кадрларга боғлиқ. Кези келганда ходимларимиз ўз касбининг чинакам эгаси эканлигини айтиб ўтиш ўринли. Кўп йиллардан буён шу жойда самарали иш олиб бораётган Дилбархон Саидхонова, Неъматжон Хошимов ва Маҳлиё Мадаминовалар устоз даражасида. Уларнинг изидан бораётган Севара Юсупова, Аъзамжон Ҳожиматов, Орифхон Алихонов ва Муҳаммадюсуф Абдураҳмо­нов­лардан ҳам умидимиз катта. Улар ёш бўлишига қарамай мижозлар билан ишлашда ҳамкасбларига ўрнак.
Ходимларни ишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва соғломлаштириш алоҳида эътиборимизда. Теннис майдони ҳар бир ходимнинг севимли жойи. Ўз футбол жамоамиз бор. Акмалжон Юнусалиев сардорлигида футболчиларимиз шаҳар ва вилоят­ мусобақаларида ғолиб бўлишмоқда.
Яна маданий тадбирлар, Ўзбекистон­нинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар жамоамизни фаолликка ва аҳилликка бошламоқда. Бунинг натижаси эришган ютуқларимизда кўрин­япти.

Наргиза Эшонова.